Севимли Пайғамбарим

АЗИЯТ, ҚИЙНОҚ ВА ЗУЛМ

Қурайшнинг кўзга кўринган мушриклари энди Пайғамбаримизни ёлғиз кўрсалар, у зотга ташланар, ҳақорат қилар, ҳатто урмоқчи ҳам бўлардилар. У зотнинг саҳобаларини қийнашдан ҳам тортинмасдилар. Бир куни Қурайшнинг кўзга кўринган мушриклари Каъбаи шариф ёнида ўтирган эдилар. Улар Пайғамбаримиз ҳақида гапира бошладилар: «Ҳеч бир нарсага унга чидаганимиздек чидамадик. У бизни эси пастлар дейди, илоҳларимизни таҳқирлаб ёмонлайди, динимизни айблайди, жамоатимизни бир-биридан ажратади, биз эса барибир сабр қилиб, бир сўз демаймиз». Айни шу пайт Ҳабиби акрам Каъбани зиёрат қилгани келдилар. У зот Ҳажарул асвадни ўпиб, тавоф қила бошладилар. Уларнинг ёнидан ўтаётганларида мушриклар Пайғамбаримизга ҳақоратли сўзлар айта бошладилар. Расулуллоҳ бундан қаттиқ ранжидилар, аммо бир сўз демай, тавофларини давом эттирдилар. Учинчи марта уларнинг ёнидан ўтаётиб тўхтадилар ва шундай дедилар: «Эй қурайшликлар! Менга қулоқ солинглар! Жоним қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, менга сизларнинг паришон бўлишингиз билдирилди!»

У ердаги мушриклар нима қилишларини билмай, тошдек қотиб қолдилар. Бирортаси ҳам бир оғиз сўз айта олмади. Фақат Абу Жаҳл Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб: «Эй Абул Қосим! Сен бизга бегона эмассан. Бизнинг қўпол қилиқларимизга қарама, ибодатингни давом эттиравер. Сен бизга эргашадиган даражада жоҳил эмассан», – деб ёлвора бошлади. Шундан кейин Муҳаммад алайҳиссалом у ердан кетдилар. Эртаси куни мушриклар яна ўша жойда тўпланиб, Пайғамбаримиз ҳақида ёмон гаплар гапира бошладилар. Шу пайт у ерга Расулуллоҳ келдилар. Мушриклар дарҳол Аллоҳу таолонинг Ҳабибига ташландилар. Улар орасидаги энг бадбахтлардан бири бўлган Уқба ибн Абу Муайт севимли Пайғамбаримизнинг муборак ёқаларидан ушлаб олди. Муборак бўйинларини нафас ололмайдиган даражада сиқди. Шу пайт у ерга келиб қолган ҳазрати Абу Бакр: «„Раббим – Аллоҳ“ деган бир кишини ўлдирасизларми? Ахир у зот сизларга оламларнинг Раббидан оятлар келтирдилар-ку!…» – деб қичқириб, Расулуллоҳни ҳимоя қилиш учун уларнинг орасига ўзини урди. Мушриклар Ҳабибуллоҳни қўйиб, Абу Бакр Сиддиққа ташландилар. Унинг муборак бошига мушт ва тепки урдилар. Утба ибн Робиъа деган бир бадбахт ҳазрати Абу Бакрнинг муборак юзига оёқ кийими билан уриб, уни қонга белади. Уни таниб бўлмас ҳолга келтирди. Агар Бану Тайм етиб келиб, уларни ажратиб олмаганида, ўлгунича урган бўлардилар. Қабиладошлари ҳолдан тойган, аянчли аҳволга тушган ҳазрати Абу Бакрни бир чойшабга солиб, уйига олиб кетдилар. Сўнг дарҳол Каъбага қайтиб келиб: «Агар Абу Бакр ўладиган бўлса, қасамки, биз ҳам Утбани ўлдирамиз!» – дедилар. Кейин ҳазрати Абу Бакрнинг олдига кетдилар.1 Ҳазрати Абу Бакр узоқ вақт ўзига келолмади.

Отаси ва Бану Тайм кишилари уни ҳушига келтириш учун кўп уриндилар. У фақат кечга яқин ўзига келди. Кўзларини очар-очмас, заиф овоз билан: «Расулуллоҳ нима қиляптилар? Аҳволлари қандай? У зотга ҳам тил теккизиб, ҳақорат қилишган эди-ку», – дея олди. Одамлар онаси Уммул Хайрга: «Сўраб кўрингчи, бирор нарса ер ёки ичармикин?» – дейишди. Абу Бакр Сиддиқда сира мадор қолмаган эди. У бирор нарса еб-ичишни ҳам истамасди. Уйда одам қолмагач, онаси: «Нима ейсан, нима ичасан?» – деб сўради. У эса кўзларини очиб, ўз оғриқ ва изтиробини эмас, жонидан ҳам ортиқ севган зотнинг ҳолини сўради: «Расулуллоҳ қандай аҳволдалар, нима қиляптилар?»

«Эй қурайшликлар! Менга қулоқ солинглар! Жоним қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, менга сизларнинг паришон бўлишингиз билдирилди!» Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом

Онаси: «Аллоҳга қасамки, дўстинг ҳақида ҳеч нарса билмайман!» – деб жавоб берди. Ҳазрати Абу Бакр унга: «Хаттобнинг қизи Умму Жамилнинг олдига боринг, Расулуллоҳни ундан сўранг!» – деди.

Умму Жамил ҳазрати Умарнинг синглиси бўлиб, мусулмон бўлган эди. Ҳазрати Абу Бакрнинг онаси Умму Жамилнинг олдига бориб: «Ўғлим Абу Бакр сендан Муҳаммад алайҳиссаломни сўраяпти. У зот қандай аҳволдалар экан?» – деди. Умму Жамил: «Мен на Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида, на Абу Бакр ҳақида бирор нарса биламан! Истасангиз, бирга борайлик», – деди. Уммул Хайр: «Майли», – дегач, улар ҳазрати Абу Бакрнинг олдига келдилар. Умму Жамил Абу Бакр Сиддиқни шундай аянчли ҳолда, яра ва кўкаришлар ичида кўргач, ўзини тута олмай, чинқириб юборди ва: «Сенга буни қилган қавм, шубҳасиз, ҳаддидан ошган, бебош кимсалардир. Аллоҳу таолодан тилагим – қилмишларининг жазосини топсинлар», – деди. Ҳазрати Абу Бакр Умму Жамилдан: «Расулуллоҳ нима қиляптилар, аҳволлари қандай?» – деб сўради. Умму Жамил унга: «Бу ерда онанг бор, айтганимни эшитиб қолади», – дегач, ҳазрати Абу Бакр: «Ундан сенга ҳеч қандай зарар келмайди, у сирингни ёймайди», – деди. Умму Жамил: «У зот соғ-саломатлар, аҳволлари яхши», – деди. У яна: «Ҳозир у зот қаердалар?» – деб сўради. Умму Жамил: «Арқамнинг уйидалар», – деб жавоб берди. Ҳазрати Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, бориб Расулуллоҳни кўрмагунимча, на бирор нарса ейман, на ичаман!» – деди. Онаси: «Ҳозирча бироз сабр қил! Ҳамма уйқуга кетсин, ўшанда борамиз», – деди.

Ҳамма ухлаб, кўчалар ҳувиллаб қолгач, ҳазрати Абу Бакр онаси билан Умму Жамилга суяниб, аста-секин Расулуллоҳнинг ҳузурларига етиб борди. У зотни қучоқлаб ўпди, мусулмон биродарлари билан қучоқлашиб кўришди. Ҳазрати Абу Бакрнинг бу аҳволи Пайғамбаримизни қаттиқ қайғуга солди. Ҳазрати Абу Бакр: «Ё Расулаллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин! Ўша бебош одамнинг юз-кўзимни ерга ишқаб, мени таниб бўлмас ҳолга келтирганидан бошқа ҳеч бир ғамим йўқ! Мана бу ёнимдаги эса – мени дунёга келтирган онам Салмо. Унга дуо қилишингизни илтимос қиламан. Шояд Аллоҳу таоло сизнинг ҳурматингиз учун уни жаҳаннам ўтидан қутқарса», – деб арз қилди. Шунда севимли Пайғамбаримиз Салмонинг мусулмон бўлиши учун Аллоҳу таолога ёлвордилар. Расулуллоҳнинг дуолари қабул бўлди. Шу тариқа Уммул Хайр ҳам ҳидоятга (тўғри йўлга) эришиб, мусулмон бўлди ва илк мусулмонлар қаторида бўлиш шарафига муяссар бўлди.

Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин

Пайғамбаримизнинг уйлари Абу Лаҳаб билан Уқба ибн Абу Муайт деган икки ашаддий мушрикнинг уйлари орасида эди. Улар ҳар фурсатда севимли Пайғамбаримизга азият беришга уринардилар. Ҳатто кечалари ҳайвонларнинг ичак-чавоғини Расулуллоҳнинг эшиклари олдига ташлаб кетардилар. У зотнинг амакилари Абу Лаҳаб бу билан ҳам қаноатланмасди: қўшниси Адийнинг уйидан у зотга тош отиб, азият берарди.

Хотини Умму Жамил ҳам эридан қолишмасди: териб келган тиканли шохларни Расулуллоҳнинг муборак оёқларига кирсин деб, у зот юрадиган йўлларга сочиб қўярди. Бир куни Абу Лаҳаб олиб келган нажосатни Пайғамбаримизнинг эшиклари олдига тўкаётганида, уни ҳазрати Ҳамза кўриб қолди. У дарҳол югуриб бориб, биродари Абу Лаҳабни ушлади ва олиб келган нажосатини унинг бошига ағдарди.

Абу Лаҳаб ва хотинининг бу азиятларидан кейин улар ҳақида «Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин, у қуриди ҳам…» деган сўзлар билан бошланадиган Масад (Таббат) сураси нозил бўлди. Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил ўзлари ҳақида сура нозил бўлганини эшитгач, Пайғамбаримизни излай бошлади. У зотнинг Каъба ёнида эканларини билгач, қўлига катта бир тош олиб, ўша ерга борди. Ҳазрати Абу Бакр айни шу пайт Пайғамбаримизнинг суҳбатлари шарафига мушарраф бўлиб ўтирган эди.

Умму Жамилнинг қўлида тош борлигини кўриб, у: «Ё Расулаллоҳ! Умму Жамил келяпти. У жуда ёвуз хотин, сизга зарар етказишидан қўрқаман. Бир четга ўтиб турсангиз, азият кўрмас эдингиз», – деди. Расулуллоҳ: «У мени кўра олмайди», – дедилар. Умму Жамил ҳазрати Абу Бакрнинг тепасида туриб олиб, пасткаш сўзлар айтди: «Эй Абу Бакр! Тез айт, ўша дўстинг қаерда! У мени ҳам, эримни ҳам ҳажв қилиб ёмонлабди. У шоир бўлса, мен ҳам, эрим ҳам шоирмиз. Мана, мен ҳам уни ҳажв қиламан. Биз унга қарши чиқамиз, пайғамбарлигини тан олмаймиз ва динини ҳам ёқтирмаймиз. Қасам ичаманки, агар уни кўрсам эди, мана шу тошни бошига урардим…» Ҳазрати Абу Бакр: «Менинг соҳибим шоир эмаслар ва сени ҳажв қилганлари йўқ», – дегач, Умму Жамил бурилиб кетди. Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримизга ўгирилиб: «Ё Расулаллоҳ! У сизни кўрмадими?» – деб сўради. У зот: «Кўрмади. Аллоҳу таоло унинг кўзини мени кўра олмайдиган қилиб қўйди», – дедилар.2

Пайғамбаримизнинг муборак қизларидан ҳазрати Умму Кулсум Абу Лаҳабнинг ўғли Утайбага, ҳазрати Руқайя эса унинг иккинчи ўғли Утбага унаштирилган, аммо ҳали турмушга чиқмаган эдилар.

Масад сураси нозил бўлгач, жаҳаннамий Абу Лаҳаб, унинг хотини ва Қурайшнинг кўзга кўринган кишилари Утба билан Утайбага: «Унинг қизларини олиб, юкини енгиллатдингиз. Қизларини қўйиб юборинглар, токи у қийналсин. Сизларга Қурайшдан истаган қизингизни олиб берамиз», – деб таклиф қилдилар. Улар ҳам: «Майли, қўйиб юбордик», – дейишди. Утайба деган пасткаш эса бундан ҳам ўтиб кетди: у Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, у зотни шундай сўзлар билан ҳақорат қилди: «Эй Муҳаммад! Мен сени ҳам, динингни ҳам тан олмайман. Қизингни ҳам қўйиб юбордим. Энди на сен мени сев, на мен сени! На сен менинг олдимга кел, на мен сенинг олдингга бораман!…» Сўнг севимли Пайғамбаримизга ташланиб, у зотнинг муборак ёқаларидан ушлади. Кўйлакларини йиртди ва ҳақорат қилди. Шунда севимли Пайғамбаримиз унинг ҳаққига дуоибад қилиб, шундай дедилар: «Ё Раббим! Унга йиртқичларингдан бирини мусаллат қил!» Бадбахт Утайба отасининг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб бергач, Абу Лаҳаб: «Муҳаммаднинг ўғлим ҳақидаги дуоибадидан қўрқаман», – деди. Бир неча кундан кейин Абу Лаҳаб ўғли Утайбани тижорат учун Шомга жўнатди. Карвон тунаш учун Зарқо деган жойда тўхтади. Атрофда бир шер айлана бошлади. Утайба буни кўрар-кўрмас: «Вой! Қасам ичаманки, Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) дуоибади қабул бўлди. Бу шер мени еб қўяди! У Маккада бўлса ҳам, менинг қотилим – ўшадир!» – деди. Бироздан кейин шер кўздан ғойиб бўлди. Утайбани баландроқ бир жойга ётқиздилар. Кечаси шер яна келди. У карвондагиларни бирма-бир ҳидлаб, Утайбанинг ёнига етиб борди. Унинг устига сакраб, қорнини ёрди, бошидан ушлади ва даҳшатли тарзда тишлаб, ишини битирди. Утайба: «Мен сизларга: „Муҳаммад – инсонларнинг энг ростгўйи“, демаганмидим?» – деб фарёд қила-қила жон берди. Абу Лаҳаб эса ўғлини шер парчалаб ташлаганини эшитиб: «Мен сизларга: „Муҳаммаднинг ўғлим ҳақидаги дуоибадидан қўрқаман“, демаганмидим?» – деб йиғлади.3

«Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин), у қуриди ҳам. Унга на моли (отасидан қолган мерос), на касб қилгани фойда берди. У алангали ўтга киради, хотини ҳам – ўтин ташувчи бўлиб, бўйнида эшилган арқон билан» Масад: 1–5

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларни абадий саодатга чақирардилар, уларни Аллоҳу таолонинг борлиги ва бирлигига даъват қилиб, жаҳаннамда ёнмасликлари учун жон куйдирардилар. Мушриклар эса: «Ота-боболаримизнинг дини шу», – деб, бутпарастликда давом этардилар. Пайғамбаримиз уларни одамдек яшашга, обрўли ва шарафли бўлишга, қадрсизликдан қутулиб, юксак ва улуғ мақомларга кўтарилишга чақирардилар. Улар эса ўжарликларида туриб олардилар. Абу Лаҳаб ҳақорат ва азият берувчиларнинг олдинги сафида эди. У доимо Расулуллоҳнинг орқаларидан юриб, одамларни у зотни тинглашдан қайтаришга, уларнинг кўнгилларида шубҳа уйғотишга уринарди. Йиғинларда, ярмаркаларда Расулуллоҳ: «Эй одамлар! „Ла илаҳа иллаллоҳ“ денглар, нажот топасизлар!» – деганларида, Абу Лаҳаб дарҳол орқаларидан етиб келиб: «Эй одамлар! Бу гапираётган – менинг жияним. Асло унинг сўзига ишонманглар. Ундан узоқ юринглар!» – дерди.

Бир куни Муҳаммад алайҳиссалом Каъбаи шарифда намоз ўқиётган эдилар. Қурайшнинг кўзга кўринган кишиларидан Абу Жаҳл, Шайба ибн Робиъа, Утба ибн Робиъа, Уқба ибн Абу Муайт бўлган етти кишилик бир гуруҳ мушрик келиб, Расулуллоҳга яқин бир жойга ўтирди. Ўша атрофда бир кун олдин сўйилган туянинг ичак-чавоғи ва қолдиқлари ётарди. Пасткаш Абу Жаҳл ёнидагиларга ўгирилиб, бир разил таклиф билан чиқди: «Орангиздан ким анави туянинг ичак-чавоғини олиб, Муҳаммад саждага борганида, икки елкасининг орасига қўяди?» У ердагиларнинг энг золими, энг бераҳми, энг шафқатсизи ва энг бадбахти бўлган Уқба ибн Абу Муайт: «Мен қиламан», – деб, дарҳол ўрнидан турди. Пайғамбаримиз саждада эканларида, у ичак-чавоқни ичидагилари билан бирга у зотнинг муборак елкаларига қўйди. Буни томоша қилиб турган мушриклар қотиб-қотиб кула бошладилар. Пайғамбаримиз саждаларини узайтирдилар, муборак бошларини кўтармадилар. Шу пайт саҳобаи киромдан Абдуллоҳ ибн Масъуд бу ҳолни кўрди. У бу воқеани шундай ҳикоя қилди:

«Расулуллоҳни бу ҳолда кўрганимда, қоним бошимга урди. Аммо мени мушрикларнинг қўлидан ҳимоя қиладиган на қавмим, на қабилам бор эди. Мен ёлғиз ва кучсиз эдим. Ўша лаҳзада ҳатто гапиришга ҳам мадорим етмасди. Ўрнимда туриб, Расулуллоҳга қаттиқ қайғу ичида қараб турардим.

Қани эди, ўшанда мени мушриклардан ҳимоя қила оладиган кучим ёки ҳимоячим бўлса-ю, Расул алайҳиссаломнинг муборак елкаларига қўйганларини олиб улоқтирсам! Мен шундай кутиб турганимда, Расулуллоҳнинг қизлари ҳазрати Фотимага хабар беришди. У пайтда Фотима ҳали кичкина эди. У югуриб келиб, оталарининг устидагиларни олиб ташлади. Буни қилганларни қарғаб, уларга оғир сўзлар айтди. Расулуллоҳ эса ҳеч нарса бўлмагандек намозларини тугатдилар-да, уч марта шундай дедилар:

„Аллоҳим! Қурайшдан мана шу тўдани Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Абу Жаҳл Амр ибн Ҳишомни Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Утба ибн Робиъани Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Шайба ибн Робиъани Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Уқба ибн Абу Муайтни Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Умайя ибн Халафни Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Валид ибн Утбани Сенга ҳавола қиламан! Аллоҳим! Умора ибн Валидни Сенга ҳавола қиламан!“

Мушриклар ўзларига қарши қилинган бу дуоибадни эшитиб, кулишдан тўхтадилар ва қўрқа бошладилар. Чунки улар Байтуллоҳда қилинган дуо қабул бўлишига ишонардилар. Расулуллоҳ Абу Жаҳлга: „Аллоҳга қасамки, сен ё бу ишингдан қайтасан, ёки Аллоҳу таоло бошингга бир бало туширади“, – дедилар. Аллоҳу таолога қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ исмларини айтган бу кимсаларнинг ҳар бири Бадр жангида ўлдирилиб, ерга қулаганини, сўнгра иссиқдан сасиб кетган ўлимтик ҳолида Бадр чуқурига ташланганини кўрдим».

Бир куни Абу Жаҳл Байтуллоҳда қурайшлик мушрикларга шундай деди: «Эй қурайшликлар! Кўриб турибсизлар, Муҳаммад динимизни айблашдан, бутларимизга ва уларга сиғинган ота-боболаримизга тил теккизишдан, бизга эси йўқларга қарагандек қарашдан тўхтамаяпти. Ҳузурингизда қасам ичиб айтаманки, эртага у бу ерга келиб намоз ўқиётиб саждага борганида, ўзим ҳам зўрға кўтарадиган бир тошни бор кучим билан бошига ураман. Ундан кейин мени Бану Абдулмутталибдан ҳимоя қиласизларми, йўқми – ўзингиз биласиз. Мен уни ўлдирганимдан кейин қариндошлари менга истаганини қилаверсин…» У ердаги мушриклар уни гиж-гижлаб: «Қасамки, биз сени ҳам ҳимоя қиламиз, ҳам ҳеч кимга топширмаймиз. Сен фақат уни ўлдир!» – дейишди. Эрталаб Абу Жаҳл қўлида катта бир тош билан Каъбага келди. У мушрикларнинг ёнига ўтириб, кута бошлади. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) одатдагидек Байтуллоҳга келиб, намоз ўқий бошладилар. Абу Жаҳл ўрнидан туриб, қўлидаги катта тошни уриш учун Расулуллоҳ томон юрди. Барча мушриклар бу ҳолни ҳаяжон билан кузатиб турардилар. Абу Жаҳл Расулуллоҳга яқинлашгач, бирдан титрай бошлади. Катта тош қўлидан ерга тушиб кетди, ранги кулдек оқариб, қаттиқ қўрқув билан орқага чекинди. Ҳайратда қолган мушриклар Абу Жаҳлнинг олдига бориб: «Эй Амр ибн Ҳишом! Айт, нима бўлди?» – деб сўрашди. Абу Жаҳл: «Уни ўлдириш учун тошни энди кўтарганимда, олдимдан қутурган бир туя чиқди. Қасам ичаманки, умримда бунчалик узун оёқли, ўткир тишли, бунчалик ваҳимали туяни на кўрганман, на эшитганман. Агар яна бироз яқинлашганимда, шубҳасиз, у мени ўлдирган бўларди», – деди. Яна бир куни Абу Жаҳл мушрикларни тўплаб: «Абдуллоҳнинг етими бу ерда намоз ўқиб, юзини тупроққа қўядими?» – деб сўради. Улар: «Ҳа», – дейишди. Айни шу сўзни кутиб турган Абу Жаҳл: «Агар уни шу ҳолда кўрсам, бошини оёғим билан эзаман», – деди. Бир куни пайғамбарлар сарвари Каъба ёнида намозга турган эдилар. Абу Жаҳл ҳам шериклари билан ўтирган эди. У ўрнидан туриб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) томон юрди. Жуда яқин келди, аммо бирдан қўли билан юзини силаб, қоча бошлади. Мушриклар унинг олдига бориб: «Нима бўлди? Бу қандай ҳол?» – дейишди. Абу Жаҳл: «Орамизда бир олов чуқури пайдо бўлди. Баъзи кимсалар менга ташланаётганини кўриб, орқага қайтдим», – деб жавоб берди. Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл (Амр ибн Ҳишом), Асвад ибн Мутталиб, Умайя ибн Халаф, Асвад ибн Абду Яғус, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Қайс каби мушрикларнинг кўзга кўринганлари Расулуллоҳни кўрган сари: «Бу ҳам ўзини пайғамбар, олдига Жаброил келади, деб ўйлайди», – деб масхара қилардилар. Шу сабабли Ҳабиби акрам қаттиқ ранжиган кунларидан бирида Жаброил алайҳиссалом келиб, бир неча ояти карима келтирди. Маъноси:

«(Эй Расулим!) Қасамки, сиздан олдин юборилган пайғамбарлар устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Уларни масхара қилганларни ва улар (пайғамбарлар) устидан кулганларни масхараларининг жазоси сифатида бало ва азоб ҳар томондан ўраб олди».4 «Шубҳасиз, сизни масхара қилувчиларга қарши Биз кифоямиз. Улар Аллоҳу таоло билан бирга бошқа илоҳни ҳам тан оладилар. Улар яқинда (бошларига тушадиган оқибатни) билиб оладилар. Албатта, Биз биламизки, уларнинг сўзларидан (ширк келтиришларидан, Қуръони каримга тил теккизишларидан ва сизга масхараомуз сўзлар айтишларидан) кўксингиз торайиб, ичингиз сиқилмоқда».5

«Эй Абу Жаҳл! Аллоҳга қасамки, сен ё бу ишингдан қайтасан, ёки Аллоҳу таоло бошингга бир бало туширади» Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом

Бир куни Коинот султони Каъбаи муаззамани тавоф қилаётганларида, Жаброил алайҳиссалом келиб: «Менга уларнинг (масхара қилувчиларнинг) адабини бериш буюрилди», – деди. Бироздан кейин уларнинг олдидан Валид ибн Муғийра ўтиб қолди. Жаброил алайҳиссалом: «Мана бу ўтиб бораётган қандай одам?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «У – Аллоҳу таолонинг энг ёмон бандаларидан бири», – дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом Валиднинг болдирига ишора қилиб: «Унинг адабини бердим!» – деди. Бироздан кейин Ос ибн Воил ўтиб борарди. У ҳақда ҳам сўраб, худди шундай жавоб олгач, Жаброил унинг қорнига ишора қилиб: «Унга ҳам ҳаддини билдириб қўйдим!» – деди. Асвад ибн Мутталиб ўтганда унинг кўзига, Абду Яғусни кўрганда эса бошига ишора қилди. Ҳорис ибн Қайс ўтаётганида унинг қорнига ишора қилиб: «Ё Муҳаммад! Аллоҳу таоло сизни буларнинг ёвузлигидан қутқарди. Яқинда буларнинг ҳар бири бир балога йўлиқади», – деди.

Ос ибн Воилнинг оёғига тикан кирди. Қанча даволасалар ҳам, дардига чора топа олмадилар. Ниҳоят, унинг оёғи туянинг бўйнидек шишиб кетди ва у: «Муҳаммаднинг Аллоҳи мени ўлдирди!» – деб фарёд қила-қила жон берди.

Асвад ибн Мутталибнинг кўзлари кўр бўлди. Жаброил алайҳиссалом унинг бошини дарахтга уриб, ҳалок қилди.

Асвад ибн Абду Яғус Боди самум деган жойда бўлганида, юзи ҳам, гавдаси ҳам қоп-қора бўлиб кетди. Уйига келганида уни танимадилар ва эшикдан ҳайдаб юбордилар. У аламидан бошини уйининг эшигига ура-ура ўлди.

Ҳорис ибн Қайс эса шўр балиқ еган эди. Ҳарорати борган сари ошиб борди. Қанча сув ичса ҳам, чанқоғи босилмади. Охири ёрилиб ўлди. Валид ибн Муғийранинг ҳам болдирига темир парчаси кирди. Яраси битмади, кўп қон йўқотди ва у ҳам: «Муҳаммаднинг Аллоҳи мени ўлдирди!» – деб фарёд қила-қила жон берди.

Шундай қилиб, уларнинг ҳар бири қилмишининг жазосини кўрди. Бундан ташқари, мушрикларнинг жаҳаннамда абадий қолишлари ояти карималарда билдирилди. Бир куни севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳакам ибн Абул Осга дуч келдилар. Пайғамбаримиз кетганларидан кейин Ҳакам Расулуллоҳнинг орқаларидан масхара қилиб, оғзини, юзини ва гавдасини қийшайтирди.

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳакамнинг қилмишини пайғамбарлик нури билан кўрдилар ва унинг шу ҳолда қолиши учун дуо қилдилар. Ҳакамнинг баданини титроқ босди ва у умрининг охиригача шу ҳолда қолди.

Саҳобаи киромга қилинган қийноқлар

Мушриклар фақат Пайғамбаримизга азият бериш билан чекланмасдилар. Улар у зотнинг шонли саҳобаларини (розияллоҳу анҳум) ҳам қийноққа солардилар. Айниқса, камбағал, ҳимоячиси йўқ кишиларни танлаб олар ва қўлларидан келган, ақлга ҳам, хаёлга ҳам сиғмайдиган зулм ва зўравонликни ҳеч тортинмай қилардилар. Энг кўп қийноққа учраганлар – Билол Ҳабаший, Зиннира хоним, Хаббоб ибн Арат, Аммор ибн Ёсир ва унинг оиласи (розияллоҳу анҳум ажмаъийн) эди. Уларнинг баъзиларини қуёшнинг иссиғида қизиган тошлар билан куйдирар, баъзиларини оч-наҳор қолдириб: «Муҳаммаднинг динидан қайт!» – деб қийнардилар. Улар эса бу чидаб бўлмас жафоларга сабр қилар ва Ислом динидан асло қайтмасдилар.

Аллоҳ бир, Аллоҳ бир

Ҳазрати Билол Умайя ибн Халаф деган бир мушрикнинг қули эди; у Абу Бакр Сиддиқ воситасида мусулмон бўлган эди. Умайя ўн икки қули орасида энг кўп Билолни яхши кўргани учун уни бутхонага қоровул қилиб қўйган эди. Ҳазрати Билол мусулмон бўлгач, бутхонадаги барча бутларни сажда қилаётгандек юзтубан ағдариб қўйди. Бу хабар Умайяга етиб боргач, уни қаттиқ даҳшат босди. У Билолни чақиртириб: «Сен мусулмон бўлибсан, Муҳаммаднинг Раббига сажда қиларкансан, шундайми?» – деб сўради. Ҳазрати Билол: «Ҳа. Мен буюк ва улуғ бўлган Аллоҳу таолога сажда қиламан», – деди. Бу жавоб Умайяга ёқмади ва у дарҳол Билолга азият бериб, уни қийнай бошлади. Пешин пайти қуёш нақ тепага келганда, уни ечинтириб, иссиқдан қизиб кетган тошларни яланғоч баданига қўйиб куйдирарди. Оловдек ёнаётган тошларнинг бир қисмини унинг орқасига, баъзиларини қорни устига уйиб: «Ислом динидан қайт!… Лот ва Уззо бутларига иймон келтир!» – дерди. Ҳазрати Билол эса: «Аллоҳу таоло бир! Аллоҳу таоло бир!» – деб иймонини изҳор қиларди.

Умайя ибн Халаф унинг бу сабрини кўрган сари қутуриб, уни тиканлар устида судраб, баданини яралаб қийнарди. Ҳазрати Билол эса баданидан оқаётган қонларга парво қилмай: «Аллоҳим! Сендан келганига розиман! Аллоҳим! Сендан келганига розиман!» – дер ва иймонида собит турарди. Ҳазрати Билол бу ҳолини шундай ҳикоя қилган:

«Ўша палид Умайя мени кундузи иссиқда боғлаб қўяр, кечаси эса азоблар эди. Жуда иссиқ бир кун эди. У одатдагидек яна қийнай бошлади. Мени Исломдан қайтариш учун: „Бутларимизга сиғин! Муҳаммаднинг Аллоҳини инкор эт, инкор эт, инкор эт!“ – деган сари мен: „Аллоҳ бир! Аллоҳ бир!“ – дердим. Аламини олиш учун ўша куни у кўксим устига жуда катта бир қоятош қўйди. Шу лаҳзада ҳушимдан кетибман. Ўзимга келганимда, устимдаги тош олинганини, қуёш булут ортига кирганини кўрдим. Аллоҳу таолога шукр қилдим ва ўзимга ўзим: „Эй Билол! Жаноби Ҳақдан келган ҳар бир нарса гўзал, ёқимлидир“, – дедим».

Яна бир куни Умайя ибн Халаф Билол Ҳабашийни қийнаш учун ташқарига олиб чиқди. Кийимларини ечиб, фақат иштонда қолдирди-да, куйдирувчи жазирамада қизиган қумга ётқизиб, устига тошлар уйди. Мушриклар тўпланиб, уни оғир қийноққа солишар ва: «Динингдан қайтмасанг, сени ўлдирамиз», – дейишарди. Билол Ҳабаший эса бу чидаб бўлмас қийноқлар остида: «Аллоҳ бир! Аллоҳ бир!» – дерди. Шу пайт севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) у ердан ўтиб бораётган эдилар. Ҳазрати Билол Ҳабашийнинг бу ҳолини кўриб, қаттиқ ранжидилар ва: «Аллоҳу таолонинг исмини айтишинг сени қутқаради», – дедилар.

Пайғамбаримиз уйларига қайтганларидан бироз кейин у зотнинг ҳузурларига ҳазрати Абу Бакр келди. Пайғамбаримиз Билол Ҳабаший чекаётган қийноқларни Абу Бакр Сиддиққа айтиб бериб: «Жуда ранжидим», – дедилар. Ҳазрати Абу Бакр дарҳол ўша ерга борди. У мушрикларга: «Билолга бундай қилишдан қўлингизга нима тегади? Уни менга сотинглар», – деди. Улар: «Дунё тўла олтин берсанг ҳам сотмаймиз. Лекин сенинг қулинг Омирга алмаштиришимиз мумкин», – дедилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг қули Омир унинг тижорат ишларини юритар ва жуда кўп пул топарди. Шахсий молидан ташқари, ўн минг олтини ҳам бор эди. У ҳазрати Абу Бакрнинг ёрдамчиси бўлиб, барча ишларини бошқарарди. Аммо у кофир эди ва куфрида қаттиқ туриб оларди. Ҳазрати Абу Бакр: «Омирни бутун моли ва пуллари билан бирга Билол эвазига сизларга бердим», – деди. Умайя ибн Халаф ва бошқа мушриклар жуда севиниб: «Абу Бакрни алдадик», – дедилар.

«(Эй Расулим!) Қасамки, сиздан олдин юборилган пайғамбарлар устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Уларни масхара қилганларни ва улар (пайғамбарлар) устидан кулганларни масхараларининг жазоси сифатида бало ва азоб ҳар томондан ўраб олди» Анъом: 10

Ҳазрати Абу Бакр дарҳол Билол Ҳабашийнинг устидаги оғир тошларни олиб ташлади ва уни оёққа турғазди. Билол Ҳабаший оғир қийноқлар туфайли жуда ҳолсизланиб қолган эди. Абу Бакр унинг қўлидан тутиб, тўғри севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига олиб келди-да: «Ё Расулаллоҳ! Бугун Билолни Аллоҳнинг розилиги учун озод қилдим», – деди. Расулуллоҳ жуда севиндилар ва ҳазрати Абу Бакрга кўп дуо қилдилар. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом Абу Бакрнинг жаҳаннамдан узоқ экани ҳақида хушхабар берган Лайл сурасининг 17 ва 18-оятларини келтирди. Бу ояти карималарда шундай дейилди, маъноси: «(Ҳазрати Абу Бакр каби) жуда тақводор бўлиб (ширк ва гуноҳлардан сақланиб), молини Аллоҳу таоло ҳузурида пок бўлиш учун (ва илоҳий ваъдага эришиш учун) хайр йўлида сарфлайдиган киши ундан (жаҳаннамдан) узоқлаштирилгандир».

Кўрилмаган қийноқ

Ҳазрати Хаббоб ибн Арат ҳам динидан қайтариш учун зулм қилинганлардан эди. Ҳазрати Хаббобнинг ҳам ҳимоячиси йўқ эди, у Умму Анмор деган мушрик бир аёлнинг қули эди.

Уни ҳимоя қиладиган қариндоши бўлмагани учун мушриклар тўпланиб, унинг муборак баданини яланғочлаб, устини тиканлар билан тирнардилар. Баъзан яланғоч баданига темир кўйлак кийдириб, қуёш тиғида тутиб турардилар. Қуёшда ёки оловда қиздирилган тошларни яланғоч баданига босиб: «Динингдан қайт! Лот ва Уззога сиғин!» – дердилар. Хаббоб эса иймонида собит туриб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ», – деб уларга қарши турарди.

Бир куни мушриклар тўпланиб, бир майдонда гулхан ёқдилар. Ҳазрати Хаббобни боғлаб, ўша ерга олиб келдилар. Уни ечинтириб, оловнинг устига ётқиздилар. Улар уни ё динидан қайтармоқчи, ё оловда куйдирмоқчи эдилар. Оловнинг ўртасига чалқанча ётқизилган ҳазрати Хаббоб: «Аллоҳим! Ҳолимни кўриб турибсан, аҳволимни биласан. Қалбимдаги иймонни собит қил, менга улуғ сабр ато эт!» – деб дуо қиларди. Мушриклардан бири оёғи билан ҳазрати Хаббобнинг кўксига босди. Аммо улар Аллоҳу таоло иймон келтирганларни ҳимоя қилишини билмасдилар.

Йиллар ўтгач, Хаббобдан бу воқеа ҳақида сўрадилар. У орқасини очиб, куйиш изларини кўрсатди-да: «Мен учун гулхан ёқдилар, сўнг мени судраб, унинг ичига ташладилар. Ўша оловни фақат менинг этим ўчирди», – деди.

Ҳазрати Хаббобни ташқарида шундай қийнаётган пайтларида, эгаси Умму Анмор ҳам уни динидан қайтариш учун оловда темирни қиздирар ва бошига босиб куйдирарди. У дини учун бу азобларнинг барчасига чидар, улар таклиф қилганини қилмас ва иймонидан қайтмасди.

Бир куни ҳазрати Хаббоб севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Мушриклар ташқарида мени қаерда кўрсалар, ўша ерда оловда куйдирадилар. Уйда эса эгам Умму Анмор қиздирилган темир билан бошимни куйдиради. Дуо қилишингизни илтимос қиламан!» – деди. Сўнг орқасидаги ва бошидаги куйикларни кўрсатди. Пайғамбаримиз унинг бу ҳолига қаттиқ ачиндилар. У зот Хаббобнинг динидан қайтмаслик учун чекаётган изтиробига, унга қилинаётган зулмга чидай олмадилар ва: «Ё Раббим! Хаббобга ёрдам бер!» – деб дуо қилдилар. Жаноби Ҳақ Расулининг дуосини ўша заҳотиёқ қабул қилди ва Умму Анморнинг бошига қаттиқ оғриқ берди. Умму Анмор бош оғриғидан тонггача инграб чиқарди. Унга даво сифатида оловда қиздирилган темир билан бошини куйдириш кераклигини айтишди. Охири у Хаббобни чақириб, темир таёқни оловда қиздиришни ва бошини куйдиришни буюрди… Ҳазрати Хаббоб ҳам темир билан унинг бошини куйдирарди…

Исломнинг илк кунларида мушриклар Хаббоб ибн Аратнинг ҳолига унчалик эътибор бермасдилар. Аммо кун сайин иймон келтирганларнинг сони ортиб борарди. Охири улар истасалар-истамасалар, бу ишга жиддий қарашга мажбур бўлдилар. Улар ҳазрати Хаббобга қилаётган қийноқларини кучайтирдилар: аёвсиз урдилар, калтакладилар, яраладилар, қийноқ устига қийноқ қилдилар…

Шунча азобларга қарамай, ҳазрати Хаббоб иймонидан заррача ҳам чекинмади. Аммо азият ва қийноқлар ҳам чидаб бўлмас даражага етган эди. У бўлиб ўтганларни Коинот сарварига арз қилиб: «Ё Расулаллоҳ! Чекаётган қийноқларимиздан қутулишимиз учун дуо қилмайсизми?» – деди.

Шунда Расулуллоҳ шундай дедилар: «Сизлардан олдинги умматлар орасида шундай кишилар бор эдики, темир тароқ билан уларнинг терилари, этлари шилиб, қириб олинарди, аммо бу қийноқ ҳам уларни динларидан қайтара олмасди. Арра билан бошларининг тепасидан иккига бўлинардилар, аммо бу қийноқлар ҳам уларни динларидан қайтара олмасди. Аллоҳу таоло, албатта, бу ишни (Исломни) охирига етказади. Уни барча динлардан устун қилади. Ҳатто уловига миниб, Санъодан Ҳазрамавтгача ёлғиз йўл юрган киши Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди, қўйлари ҳақида ҳам бўри ҳужумидан бошқа ҳеч бир хавотир сезмайди. Аммо сизлар шошиляпсизлар». Сўнг у зот Хаббобнинг орқасини силаб, унга дуо қилдилар. Расулуллоҳнинг руҳларга озиқ ва шифо бўлган бу латиф сўзлари Хаббобнинг дардини босди.

Ҳазрати Хаббобнинг, айниқса, ашаддий мушрик Ос ибн Воилда анчагина ҳаққи бор эди. У ҳаққини сўраш учун унинг олдига борди. Ос ибн Воил Хаббобга: «Муҳаммадни инкор этмагунингча, ҳаққингни бермайман», – деди. Ҳазрати Хаббоб: «Аллоҳга қасамки, мен тириклигимда бўлганидек, ўлганимдан кейин қабримдан турганимда ҳам Пайғамбаримни асло рад ва инкор эта олмайман. Ҳамма нарсадан воз кечаман, аммо у зотни инкор эта олмайман», – деб жавоб берди. Шунда Ос ибн Воил: «Ўлгандан кейин тириламизми? Агар шундай нарса бўлса, ўшанда менинг молим ҳам, болаларим ҳам бўлади. Қарзимни сенга ўша куни тўлайман», – деди.

Ос ибн Воилнинг бу сўзлари сабабли Аллоҳу таоло Қуръони каримда, Марям сурасининг 77–79-ояти карималарида шундай марҳамат қилди, маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Бизнинг оятларимизни инкор этиб: „Албатта, менга (қиёмат куни) мол ҳам, бола-чақа ҳам берилади“, – деган кимсани (Ос ибн Воилни) кўрдингизми? У ғайбдан хабардор бўлганми ёки Раҳмоннинг ҳузуридан бирор аҳд олганми? Йўқ, ундай эмас! Биз унинг айтганини ёзиб қўямиз (қиёмат куни бунинг учун ундан ҳисоб оламиз) ва азобини орттирган сари орттираверамиз».

Ҳушидан кетгунча қийноқ

Мушриклар қийноқда аёл-эркак деб ажратмасдилар. Илк мусулмонлардан бўлган ва ҳеч кими йўқ Зиннира хоним ҳам бир чўри эди. Унинг мусулмон бўлганини билган мушриклар уни ҳам қийноққа солишдан сира тортинмадилар. Зиннира хонимни Лот ва Уззо бутларига сиғинишга мажбурлар, бўғзини сиқар, нафас ололмай ҳушидан кетгунча қийнардилар. Шунга қарамай, у динидан асло қайтмас, уларнинг айтганларига юрмасди. Айниқса, Абу Жаҳл уни жуда кўп қийнади. Шу сабабли Зиннира хонимнинг кўзлари кўрмай қолди. Бир сафар Абу Жаҳл: «Кўрдингми? Лот ва Уззо сенинг кўзингни кўр қилди!» – деганида, Зиннира хоним иймонини изҳор қилиб: «Эй Абу Жаҳл! Аллоҳга қасамки, у сен айтгандек эмас. Сен Лот ва Уззо деб атаган бутлар ҳеч нарсага ярамайди, уларнинг ўзларига сиғинганлардан ҳам, сиғинмаганлардан ҳам хабари йўқ. Менинг Раббим кўзимнинг нурини беришга ва мени аввалги ҳолимга қайтаришга, албатта, қодирдир», – деди.

«(Эй Билол!) Аллоҳу таолонинг исмини айтишинг сени қутқаради» Ҳадиси шариф

Абу Жаҳл ҳазрати Зинниранинг мустаҳкам иймонини кўриб, ҳайратда қолди. Аллоҳу таоло Зиннира хонимнинг дуосини қабул қилди ва унинг кўзлари аввалгидан ҳам яхшироқ кўра бошлади. Абу Жаҳл ва Қурайш мушриклари буни кўрсалар ҳам, ўжарлик қилиб, иймон келтирмадилар. Устига-устак: «Бу ҳам уларнинг пайғамбарининг бир сеҳри! Муҳаммаднинг йўлидан бораётган бу эси пастларга ҳайрон қолмайсизларми? Агар уларнинг йўли хайрли ва тўғри бўлганида, унга улардан олдин биз эргашган бўлардик. Наҳотки биздан олдин бир қул тўғри йўлни топган бўлса?» – дедилар.

Шундан кейин Аллоҳу таоло Аҳқоф сурасининг 11-ояти каримасини нозил қилди. Маъноси: «У кофирлар иймон келтирганлар ҳақида: „Агар унда (Исломда) бирор яхшилик бўлганида, улар (камбағаллар, бечоралар) бу ишда биздан ўзиб кетолмас, унга биздан олдин югурмас эдилар“, – дедилар. Ҳолбуки улар у билан (мўминлар каби Қуръони карим билан) ҳидоят топмаганлари учун (Қуръони каримни инкор этиш мақсадида) „Бу Қуръони карим (Муҳаммад ўртага чиқарган) – эски бир ёлғондир“, – дейдилар».

Дорул Арқам

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мушрикларнинг саҳобаларига қилаётган зулм ва қийноқларидан қаттиқ қайғурардилар. Исломни ёйиш ва ўрганиш учун хавфсиз бир жой керак эди. Пайғамбаримиз бу муқаддас вазифа учун ҳазрати Арқамнинг уйини танладилар.6 Бу уй Сафо тепалигининг шарқида, тор бир кўча ичида, баландроқ жойда эди. Бу ердан Каъбаи муаззама бемалол кўринарди. Уйнинг кириш-чиқиш йўли ўтган-кетганларни кузатиб туриш учун жуда қулай эди. Бундан ташқари, ҳазрати Арқам Макканинг кўзга кўринган, обрўси баланд кишиларидан эди. Ҳабиби акрам бу уйда саҳобаларига Исломни тушунтирардилар. Янги мусулмон бўладиганлар бу ерга келиб, Ислом билан шарафланар, Расулуллоҳнинг кўнгилларга даво бўлган муборак сўзларини тинглаб, баракот топардилар. Улар Пайғамбаримизни гўё бошларига қуш қўнгану гапирсалар учиб кетадигандек, нафас ҳам олмай тинглардилар. У зотнинг муборак сўзларининг бирор калимасини ҳам қолдирмай, гўё ютиб юборгандек ёд олардилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кундузларини Арқамнинг уйида ўтказар ва эрталабдан кечгача саҳобаларини тарбиялаш билан машғул бўлардилар. Бу ер мусулмонларнинг илк маркази – «Дорул Ислом» эди. Илк мусулмонлар шу ерда тўпланар ва шу тариқа мушрикларнинг ҳар турли ёмонликларидан ҳимояланардилар.

Ўлгунча қийноқ

Аммор ибн Ёсир шундай ҳикоя қилади: «Дорул Арқамга бориб, Расулуллоҳни кўриб, мусулмон бўлмоқчи эдим. Эшик олдида ҳазрати Суҳайбга дуч келдим. „Бу ерда нима қиляпсан?“ – деб сўраганимда, у ҳам менга худди шу саволни берди. Мен: „Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳузурларига кириб, сўзларини тинглаб, мусулмон бўлмоқчиман“, – дедим. У ҳам: „Мен ҳам шунинг учун келган эдим“, – деди. Биз бирга у зотнинг юксак ва шарафли ҳузурларига кирдик. У зот бизга Исломни баён қилдилар. Биз севиниб мусулмон бўлдик».7

Аммор мусулмонлигини очиқ айтишдан тортинмаган мужоҳидлардан бири эди. У динидан қайтмаслик учун энг оғир қийноқларга чидарди. Мушриклар уни ёлғиз топган пайтларида Макканинг қоялик жойларига, Рамзо деган ерга олиб борар, кийимларини ечиб, унга темир кўйлак кийдирардилар.

Шу тариқа уни куйдирувчи қуёш остида тутиб турар ва қийнардилар. Баъзан орқасини олов билан куйдирар, у адоқсиз қийноқларга дучор бўларди. Ҳар сафар улар: «Инкор эт!… Инкор эт!… Лот ва Уззога сиғин-да, қутул!…» – дердилар. Ҳазрати Аммор эса бу чидаб бўлмас қийноқларга катта сабр билан бардош бериб: «Раббим – Аллоҳ, пайғамбарим – Муҳаммад алайҳиссалом», – деб жавоб берарди. Мушриклар бундан баттар ғазабланар, унинг кўкси устига иссиқдан қизиган қоятошларни қўяр, баъзан эса қудуққа ташлаб, сувга бўғмоқчи бўлардилар. Бир куни Аммор ибн Ёсир севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурлари шарафига мушарраф бўлганида: «Ё Расулаллоҳ! Мушрикларнинг бизга қилаётган қийноқлари сўнгги чегарага етди», – деди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Амморнинг ҳолига ачиндилар ва: «Сабр қилинг, эй Абул Яқзон!» – дедилар, сўнгра: «Ё Раббим! Аммор оиласидан ҳеч бирига жаҳаннам азобини тотдирма!» – деб дуо қилдилар.

Илк шаҳид, илк қон

Ҳазрати Амморнинг отаси Ёсир, онаси Сумайя, биродари Абдуллоҳ – бутун оила бўлиб мусулмон бўлган эдилар. Мушриклар ҳазрати Амморга қилган қийноқларидан ҳам кўпроғини унинг онасига, отасига ва биродарига қилардилар. Қийноқ пайтида мушриклар уларга куфр сўзларини айттирмоқчи бўлардилар, улар эса: «Терисимизни шилсангиз ҳам, этимизни тилим-тилим қилиб тўғрасангиз ҳам, сизларга қулоқ солмаймиз», – деб жавоб берар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ», – дердилар. Яна бир куни Батҳо деган жойда Ёсир оиласини бирга қийнаётганларида, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) у ердан ўтиб бораётган эдилар. Саҳобаларининг бу чидаб бўлмас қийноқларини кўриб, қаттиқ қайғурдилар. Ҳазрати Ёсир: «Ё Расулаллоҳ! Умримиз доим шундай қийноқ билан ўтадими?» – деб сўраганда, Пайғамбаримиз: «Сабр қилинглар, эй Ёсир оиласи! Севининглар, эй Аммор оиласи! Шубҳасиз, сизларнинг мукофот жойингиз – жаннатдир», – дедилар. Яна бир куни маккалик мушриклар Амморни олов билан қийнаётган эдилар. Расулуллоҳ у ерга келдилар-да: «Эй олов! Иброҳимга (алайҳиссалом) бўлганингдек, Амморга ҳам салқин ва беозор бўл!» – дедилар. Кейинчалик Аммор орқасини очганда, оловнинг изи кўриниб турарди. Бу из Расулуллоҳнинг дуоларидан олдин қолган эди. Яна бир куни Ёсир оиласини қийнаётганларида, ҳазрати Ёсирни ва унинг ўғли ҳазрати Абдуллоҳни ўқ билан отиб шаҳид қилдилар. Абу Жаҳл ҳазрати Сумайянинг муборак оёқларини арқон билан боғлатди. Арқонларнинг учларига иккита туяни боғлатиб, уларни қарама-қарши томонга ҳайдатди ва шу тариқа ҳазрати Сумайяни парчалатиб, шаҳид қилди. Пайғамбаримиз ва саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) бераҳм, ғаддор, золим Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар Ёсир оиласини қийноқ билан шаҳид қилганларини эшитиб, қаттиқ қайғурдилар. Бу воқеа саҳобаларнинг бир-бирларига янада маҳкам боғланишларига, жипслашишларига сабаб бўлди.8 Саҳобаи киром намоз ўқимоқчи бўлганларида ҳеч ким йўқ жойларга борар ва ибодатларини ўша ерда яширинча адо этардилар. Ана шундай кунларнинг бирида Саъд ибн Абу Ваққос, Саъид ибн Зайд, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ёсир ва Хаббоб ибн Арат Макка водийларидан Абу Дубб деган жойда намоз ўқиётган эдилар. Шу пайт уларни таъқиб қилиб юрган Ахнас ибн Шариқ ва баъзи мушриклар уларнинг олдига келиб, ибодатларини масхара қилиб, ёмонлай бошладилар. Бунга чидай олмаган ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос ва унинг шериклари мушрикларга ҳужум қилдилар. Ҳазрати Саъд қўлига тушган бир туя суяги билан кофирлардан бирининг бошига уриб, уни ёрди. Мушриклар қўрқиб қочдилар. Шу тариқа мусулмонлар илк бор кофир қонини тўкдилар.

«Эй Абу Жаҳл! Аллоҳга қасамки, у сен айтгандек эмас. Сен Лот ва Уззо деб атаган бутлар ҳеч нарсага ярамайди, уларнинг ўзларига сиғинганлардан ҳам, сиғинмаганлардан ҳам хабари йўқ. Менинг Раббим кўзимнинг нурини беришга ва мени аввалги ҳолимга қайтаришга, албатта, қодирдир» Зиннира хоним (розияллоҳу анҳо)

Ҳазрати Абу Зарр Ғифорийнинг мусулмон бўлиши

Одамлар бирин-кетин ҳидоят топар, Исломнинг нури Маккадан ташқарида ҳам ёйилиб, оламни ёрита бошлаган эди. Исломнинг пайдо бўлиши ва ёйилиши ҳақидаги хабарларни эшитган мушриклар унга тўсқинлик қилиш йўлларини излардилар. Ниҳоят, бу хабар Бану Ғифор қабиласига ҳам етиб борди. Абу Зарр Ғифорий бу хабарни эшитиши биланоқ биродари Унайсни аҳволни суриштириб келиш учун Маккага юборди. Унайс Маккага бориб, Пайғамбаримизнинг мажлисларида бўлди. У ҳайратга тушиб қайтди. Биродари ҳазрати Абу Зарр: «Қандай хабар олиб келдинг?» – деб сўраганида, у: «Биродарим! Аллоҳга қасамки, доимо хайрга, яхшиликка буюрадиган ва ёмонликлардан қайтарадиган жуда улуғ бир зотни кўрдим», – деди. Абу Зарр Ғифорий: «Хўш, одамлар у зот ҳақида нима дейишяпти?» – деганида, замонасининг машҳур шоирларидан бўлган биродари Унайс шундай жавоб берди: «Шоир, коҳин, сеҳргар дейишяпти. Аммо у зотнинг сўзлари коҳинларнинг, сеҳргарларнинг сўзларига ўхшамайди. Мен у зот айтганларини шоирларнинг турли-туман шеърлари билан ҳам солиштириб кўрдим. Уларга ҳам ўхшамайди. Тенги йўқ бу сўзларни ҳеч кимнинг сўзи билан ўлчаб бўлмайди. Аллоҳга қасамки, у зот ҳақни билдирмоқдалар, тўғрисини сўзламоқдалар. У зотга ишонмаганлар – ёлғончилар, улар залолатдадирлар». Бу хабардан кейин Абу Зарр Ғифорий Маккага бориб, Пайғамбаримизни кўриб, мусулмон бўлишга қарор қилди. Қўлига бир ҳасса ва бироз озуқа олиб, иштиёқ билан Макка йўлига тушди. Маккага етиб боргач, ўз ҳолини ҳеч кимга айтмади. Чунки мушриклар Пайғамбаримизга ва янги мусулмон бўлганларга қаттиқ душманлик қилар, азиятларини кун сайин кучайтирардилар. Айниқса, мусулмон бўлган, ҳимоячиси йўқ ва ғариб кишиларни жуда қаттиқ қийнардилар. Абу Зарр Маккада ҳеч кимни танимасди. У бу ерда ғариб, бегона эди. Шунинг учун у ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамади. Каъба ёнида Расулуллоҳни кўриш учун фурсат пойлар, у зотнинг қаердаликларини билиш учун бирор белги излар эди. Кечга яқин у бир кўча муюлишига бориб ўтирди. Ҳазрати Али Абу Заррни кўриб қолди. Унинг ғариб эканини англаб, уйига олиб кетди. Али ҳолини сўрамагани учун Абу Зарр сирини очмади. Тонг отгач, у яна Каъбага кетди. Кечгача айланиб юрса ҳам, мақсадига ета олмади. У аввалги жойига бориб ўтирди. Ҳазрати Али ўша кеч ҳам у ердан ўтиб борарди. «Бу бечора ҳалигача манзилини топа олмабди-да», – деб, уни яна уйига олиб кетди. Эрталаб Абу Зарр яна Байтуллоҳга борди ва ўз бурчагига бориб ўтирди. Ҳазрати Али уни яна уйига таклиф қилди. Бу сафар у унинг қаердан ва нима учун келганини сўради. Ҳазрати Абу Зарр: «Агар менга тўғри маълумот беришга қатъий сўз берсанг, айтаман», – деди. Ҳазрати Али: «Айт, ҳолингни ҳеч кимга очмайман», – дегач, Абу Зарр Ғифорий: «Бу ерда бир пайғамбар чиққанини эшитдим. У зот билан кўришиш ва ҳузурларига етиш учун келдим», – деди. Ҳазрати Али шундай деди: «Сен тўғри йўлни топибсан, оқиллик қилибсан. Ҳозир мен ўша зотнинг олдиларига кетяпман. Орқамдан юр, мен кирган уйга сен ҳам кир. Агар йўлда бирор киши сенга зарар етказмоқчи эканини сезсам, оёқ кийимимни тўғрилаётгандек бўламан. Ўшанда сен мени кутмай, ўтиб кетаверасан». Абу Зарр Ғифорий ҳазрати Алининг орқасидан борди. Ниҳоят, у Пайғамбаримизнинг муборак юзларини кўриш шарафига мушарраф бўлди ва: «Ассалому алайкум», – деб салом берди.

«Сабр қилинглар, эй Ёсир оиласи! Севининглар, эй Аммор оиласи! Шубҳасиз, сизларнинг мукофот жойингиз – жаннатдир» Ҳадиси шариф

Бу салом Исломда берилган илк салом бўлди, Абу Зарр Ғифорий эса биринчи салом берган киши бўлди. Пайғамбаримиз унинг саломига алик олиб: «Аллоҳу таолонинг раҳмати сенга бўлсин», – дедилар. Сўнгра Пайғамбаримиз: «Сен кимсан?» – деб сўрадилар. У: «Мен Ғифор қабиласиданман», – деди. «Қачондан бери шу ердасан?» – деб сўрадилар Пайғамбаримиз. – «Уч кун, уч кечадан бери шу ердаман». – «Сенга ким таом берди?» – «Замзамдан бошқа ейдиган-ичадиган ҳеч нарса топмадим. Замзам ичган сари ҳеч қандай очлик ҳам, ташналик ҳам сезмадим». Пайғамбаримиз: «Замзам муборакдир. У оч одамни тўйдиради», – дедилар. Шундан кейин Абу Зарр Ғифорий Пайғамбаримизга: «Менга Исломни билдиринг», – деди. Пайғамбаримиз унга калимаи шаҳодатни ўқиб бердилар, у ҳам уни такрорлаб, Ислом билан шарафланди ва илк мусулмонлар қаторига кирди.9 Мусулмон бўлгач, ҳазрати Абу Зарр Ғифорий Пайғамбаримизга: «Ё Расулаллоҳ! Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Жаноби Ҳаққа қасамки, мен буни мушриклар орасида очиқ айтаман», – деди. У Каъба ёнига бориб, баланд овоз билан шундай деди: «Эй қурайшликлар! Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ – Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг қули ва расули эканига гувоҳлик бераман». Буни эшитган мушриклар дарҳол унга ташландилар. Тош, таёқ ва суяк парчалари билан уриб, уни қонга беладилар. Бу ҳолни кўрган ҳазрати Аббос: «Бу одамни қўйинглар, ўлдириб қўясизлар-ку! У сизларнинг тижорат карвонингиз ўтадиган йўл устида яшайдиган бир қабиладан. Бундан кейин у йўлдан қандай ўтасизлар?» – деди. Шу тариқа у ҳазрати Абу Заррни мушрикларнинг қўлидан қутқариб олди. Абу Зарр мусулмон бўлиш шарафига эришганининг севинчидан жойида туролмасди. Эртаси куни у яна Каъба ёнида калимаи шаҳодатни бор овози билан қичқириб айтди. Мушриклар уни бу сафар ҳам урдилар, у ерга йиқилди. Яна ҳазрати Аббос етиб келиб, уни уларнинг қўлидан қутқарди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Абу Зарр Ғифорийга ўз юртига қайтишни ва у ерда Исломни ёйишни буюрдилар. Бу буйруқдан кейин у қабиласи орасига қайтиб, уларга Аллоҳу таолонинг бирлигини, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканларини сўзлаб берди. У зот билдирган нарсалар ҳақ ва тўғри эканини, улар сиғинаётган бутлар эса ботил, бўш ва маъносиз эканини айтди. Уни тинглаётган оломоннинг бир қисми эътироз қила бошлади. Шу пайт қабила бошлиғи Ҳаффоф бақираётганларни тинчлантирди-да: «Тўхтанглар, тинглаб кўрайлик-чи, нима айтар экан», – деди. Шундан кейин ҳазрати Абу Зарр сўзини шундай давом эттирди: «Мен мусулмон бўлишимдан олдин бир куни Нуҳм деган бутнинг олдига бориб, унинг рўпарасига сут қўйган эдим. Бир итнинг яқин келиб, сутни ичганини ва бутнинг устини булғаганини кўрдим. Шунда бутнинг бунга тўсқинлик қиладиган кучи йўқлигини аниқ англадим. Ҳатто ит ҳам таҳқирлаган бутга сиғиниш сизларга қандай ёқиши мумкин? Бу телбалик эмасми? Мана, сизлар сиғинадиган нарса – шу». Ҳамма бошини эгиб турарди. Улардан бири: «Хўш, сен айтаётган Пайғамбар нимани билдиради? Унинг тўғри сўзлаётганини қандай англадинг?» – деганда, ҳазрати Абу Зарр баланд овоз билан шундай деди: «У зот Аллоҳу таолонинг бир эканини, Ундан бошқа илоҳ йўқлигини, Унинг ҳамма нарсанинг Яратувчиси, ҳамма нарсанинг Молики ва Эгаси эканини билдирадилар… Инсонларни Унга иймон келтиришга чақирадилар… Яхшиликка, гўзал ахлоққа ва бир-бирига ёрдам беришга даъват қиладилар. Қиз болаларни тириклайин кўмишнинг ҳамда сизлар қилаётган бошқа ҳар турли ёмонлик, ноҳақлик ва зулмнинг қабиҳлигини ва улардан сақланиш лозимлигини билдирадилар». Сўнг у Исломни узоқ тушунтирди. Қабиласининг адашувларини бирма-бир санаб чиқди. Кейин уларнинг зарарини ва қабиҳлигини сўзлаб берди.

Уни тинглаганлар орасидан, қабила бошлиғи Ҳаффоф ва Абу Заррнинг ўз биродари Унайсдан бошлаб, жуда кўп киши мусулмон бўлди.10

Каъба ёнида Қуръони каримнинг очиқ ўқилиши

Бир куни саҳобаи киром одам йўқ бир жойда тўпланиб, ўзаро суҳбатлашиб ўтирардилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳдан бошқа ҳеч ким бу қурайшлик мушрикларга Қуръони каримни очиқ эшиттира олмади. Уларга Қуръони каримни очиқ ўқиб эшиттирадиган бирор киши бормикан?» – дейишди. У ерда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳам бор эди. У: «Мен эшиттираман», – деди. Саҳобаларнинг баъзилари: «Эй Абдуллоҳ! Мушриклар сенга зарар етказишидан қўрқамиз. Биз шундай бир кишини истаймизки, керак бўлганда уни мушриклардан ҳимоя қила оладиган қавми ва қабиласи бўлсин», – дейишганида, у: «Сизлар менга изн беринглар, борай. Жаноби Ҳақ мени асрайди», – деб сўзида туриб олди. Эртаси куни чошгоҳ пайтида у Мақоми Иброҳимга борди. Мушриклар у ерда тўпланган эдилар. Ибн Масъуд оёққа туриб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни айтди-да, Раҳмон сурасини ўқий бошлади. Мушриклар бир-бирларига: «Умму Абднинг ўғли нима деяпти? Муҳаммад келтирган нарсаларни ўқияпти, шекилли», – деб, унга ташландилар. Мушт, тепки ва шапалоқлар билан юз-кўзини кўкартириб, таниб бўлмас ҳолга келтирдилар. Аммо у шапалоқ ва муштлар остида ўқишда давом этди. У юз-кўзи яра-жароҳат ичида саҳобаи киромнинг олдига қайтди. Саҳобаи киром бундан қаттиқ қайғурдилар: «Сенинг шундай ҳолга тушишингдан қўрққан эдик. Ниҳоят, қўрққанимиз бошингга тушди», – дедилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд сира ҳам хафа эмасди. У: «Мен Аллоҳу таолонинг душманларини ҳеч қачон бугунгидек ожиз кўрмаган эдим. Истасангизлар, эртага эрталаб уларга яна шунча эшиттира оламан», – деди. Саҳобаи киром: «Йўқ, сенга шуниси ҳам етади. Сен у ашаддий кофирларга ёқтирмаган нарсаларини эшиттирдинг», – дедилар.11

Туфайл ибн Амрнинг мусулмон бўлиши

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккада Исломни очиқ ёя бошлаган йилларида кечаю кундуз одамларга насиҳат қилиб, уларни Ислом динига даъват қилардилар. Маккалик мушриклар Расулуллоҳнинг бу саъй-ҳаракатларини бекор қилиш учун тиришардилар. У зот айтганларни қабул қилиб, иймон келтирганларга нисбатан ҳар қандай ёлғон, туҳмат ва қийноқни раво кўрардилар. Пайғамбаримиз билан кўришган, суҳбатлашган бирор кишини кўрсалар, дарҳол унинг олдига борар, у зотни тингламаслиги ва айтганларига ишонмаслиги учун ҳар турли ҳийла ва ёлғонга мурожаат қилардилар. Ташқаридан Маккага келганларни у зот билан кўриштирмаслик учун қўлларидан келганини қилардилар. Мусулмонлар машаққатда бўлган ва кофирлардан азият чекаётган бир пайтда Маккага Туфайл ибн Амр Давсий келди. Буни кўрган мушрикларнинг бошлиқлари унинг олдига бориб, шундай дедилар: «Эй Туфайл! Сен бизнинг юртимизга келдинг. Орамиздан чиққан Абдулмутталибнинг етимининг ажабланарли ишлари кўп. Унинг сўзлари худди сеҳрга ўхшайди. У ўғилни отасидан, биродарни биродаридан, эрни хотинидан ажратяпти! Ўртага ташлаган фикрлари билан атрофни аралаштириб юборди. Унинг сўзини эшитган ўғил отасига қарамай, унга эргашяпти. Энди ҳеч ким бир-бирининг гапига қулоқ солмай, мусулмон бўлмоқда. Бизнинг бошимизга тушган бу айрилиқ балоси сенинг ва қавмингнинг бошига ҳам тушишидан қўрқамиз. Сенга насиҳатимиз шу: у билан асло гаплашма! Унга бир сўз ҳам айтма, унинг сўзини ҳам тинглама. Айтганларига қулоқ солма! Жуда эҳтиёт бўл. Бу ерда кўп ҳам қолма. Тезроқ кетавер!» Бундан кейинги воқеани Туфайл ибн Амр шундай ҳикоя қилади:

«Аллоҳга қасамки, у зот ҳақни билдирмоқдалар, тўғрисини сўзламоқдалар. У зотга ишонмаганлар – ёлғончилар, улар залолатдадирлар» Ҳазрати Унайс Ғифорий (розияллоҳу анҳу)

«Қасам ичаманки, улар буни шунчалик кўп такрорладиларки, охири мен у зот билан гаплашмасликка ва сўзларини асло тингламасликка қарор қилдим. Ҳатто Каъбага кирганимда, эҳтиёт бўлай, мабодо сўзларини эшитиб қолмай, деган хавотирда қулоқларимга пахта тиқиб олган эдим. Эртаси куни эрталаб Каъбага бордим. Расул алайҳиссаломнинг у ерда намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотга яқин бир жойда тўхтадим. Жаноби Ҳақнинг ҳикмати билан у зот ўқиётган оятларнинг баъзилари қулоғимга чалинди. Эшитган сўзларим нақадар гўзал эди! Ўзимга ўзим: „Ахир мен яхшини ёмондан ажрата олмайдиган одам эмасман-ку. Устига-устак, шоирман. Нега энди бу зотнинг айтганларини тингламаслигим керак? Сўзларини гўзал деб топсам, қабул қиламан, ёқмаса, тарк этаман“, – дедим. Бир четга яшириниб, Расулуллоҳ намозларини ўқиб, уйларига кетгунларича ўша ерда кутиб турдим. Сўнг у зотнинг орқаларидан бордим. У зот уйларига кирганларида, мен ҳам кирдим ва: „Ё Муҳаммад алайҳиссалом! Мен бу юртга келганимда, қавмингиз менга ундай-бундай деди… Сиздан узоқ юришимни истади. Қўрққанимдан сўзингизни эшитмаслик учун қулоқларимга пахта тиқдим. Аммо Аллоҳу таоло менга сиз ўқиганлардан бир қисмини эшиттирди. Уларни жуда гўзал деб топдим. Энди менга нима демоқчи бўлсангиз, билдиринг! Қабул қилишга тайёрман“, – дедим. Расулуллоҳ менга Исломни тушунтирдилар ва Қуръони каримдан бир оз ўқиб бердилар. Қасам ичаманки, умримда бундан гўзалроқ сўз эшитмаган эдим. Дарҳол калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдим. Ўшанда мен шундай дедим: „Ё Расулаллоҳ! Мен қавмим орасида сўзи ўтадиган, обрўли кишиман. Уларнинг бирортаси ҳам сўзимдан чиқмайди. Бориб, уларни ҳам Ислом динига даъват қилай. Дуо қилинг, Аллоҳу таоло мен учун бир аломат, бир каромат ато этсин! Қавмимни Исломга даъват қилганимда, ўша аломат менга бир енгиллик, бир ёрдам бўлсин!“ Бу илтимосимга жавобан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): „Эй Аллоҳим! Унга бир оят, бир аломат ато эт!“ – деб дуо қилдилар. Шундан кейин мен ўз юртимга қайтдим. Қоронғи бир кечада қавмим яшайдиган булоқ бошига қараган тепаликка етганимда, пешонамда чироқдек бир нур пайдо бўлиб, атрофни ёрита бошлади. Шунда мен: „Эй Аллоҳим! Бу нурни пешонамдан бошқа бир жойга кўчир! Давс қабиласининг жоҳиллари уни кўриб, динидан қайтгани учун Аллоҳ унинг пешонасига илоҳий жазо қилиб буни чиқарибди, деб ўйлаб юрмасинлар!“ – деб дуо қилдим. Ўша нур дарҳол қўлимдаги қамчининг учига кўчиб, чироқдек осилиб қолди. Қабиламнинг манзилига яқинлашиб, тепаликдан пастга туша бошлаганимда, у ердагилар қўлимдаги қамчининг учида чироқдек порлаётган нурни бир-бирларига кўрсатардилар. Шу ҳолда тепаликдан тушиб, уйимга келдим. Олдимга биринчи бўлиб отам келди ва мени шу ҳолда кўрди. Мени жуда яхши кўргани учун бўйнимдан қучоқлади. Отам жуда кекса эди. Мен унга: „Отажон! Агар аввалги ҳолингизда қолсангиз, на мен сизданман, на сиз мендансиз!“ – дедим. Бу сўзимни эшитиб, отам ажабланди ва: „Нима сабабдан, болам?“ – деб сўради. Мен унга: „Мен энди Муҳаммад алайҳиссалом келтирган динга кириб, мусулмон бўлдим“, – деб жавоб бердим. Шунда отам: „Болам, мен ҳам сен кирган динга кирдим. Сенинг дининг менинг ҳам диним бўлсин!“ – деди-да, дарҳол калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди. Шундан кейин мен Ислом динидан билганларимни унга ўргатдим. Сўнг у ювиниб, тоза кийимлар кийди. Кейин олдимга хотиним келди. Унга ҳам худди шу сўзларни айтдим. У ҳам қабул қилиб, мусулмон бўлди. Тонг отгач, Давс қабиласи орасига чиқдим. Исломни тушунтириб, ҳаммаларини Исломга даъват қилдим. Аммо улар қабул қилишга шошилмадилар. Узоқ вақт қаршилик қилдилар. Гуноҳ ва ёмон ишларидан қўл тортмадилар. Ҳатто бундан ҳам ўтиб, кўз қисиб, қош учириб мени масхара қилдилар. Рибо ва қиморга берилганлари учун сўзларимни тингламадилар. Исломга эргашишдан қочдилар. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига исён қилдилар.

Бир муддат ўтгач, Маккага келдим-да, қавмимни Расулуллоҳга шикоят қилиб: „Ё Расулаллоҳ! Давс қабиласи Аллоҳу таолога исён қилди. Исломга киришлари учун қилган даъватимни қабул қилмадилар. Улар учун дуо қилинг!“ – дедим. Ҳар бир кишига шафқатлари ва марҳаматлари чексиз бўлган севимли Пайғамбаримиз қўлларини кўтариб, қиблага юзландилар-да: „Ё Раббим! Давс аҳлига тўғри йўлни кўрсат ва уларни Ислом динига келтир!“ – деб дуо қилдилар. Менга эса: „Қавмингга қайт. Уларни очиқ юз ва ширин сўз билан Исломга даъват қилишда давом эт! Уларга юмшоқ муомала қил!“ – дедилар. Мен дарҳол юртимга қайтдим ва Давс аҳлини Исломга даъват қилишдан бир лаҳза ҳам тўхтамадим».12

Ярмаркаларда даъват

Ҳар йили турли шаҳарлардан одамлар белгиланган кунларда Каъбаи муаззамани зиёрат қилиш учун Маккага келардилар. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) келганларни кутиб олиб, ҳар бир гуруҳга Исломни тушунтирардилар. У зот уларга Аллоҳу таолонинг бир эканини, ўзлари ҳақ пайғамбар эканликларини ва нажот шунда эканини билдирардилар. Бир куни Валид ибн Муғийра мушрикларни тўплаб: «Эй қурайшликлар! Яна Каъбани зиёрат қилиш мавсуми келди. Муҳаммаднинг овози оламга ёйилди. Араб қабилалари унинг олдига келиб, ширин сўзларига мойил бўлмоқдалар ва динига кирмоқдалар. Бунга қарши бир чора ўйлаш керак. Ҳаммамиз бир сўзга келайлик, у ҳақда ҳар хил гапириб, бир-биримизни ёлғончи қилиб қўймайлик», – деди. Қурайшликлар: «Эй Абду Шамснинг отаси! Орамизда энг узоқни кўрадиган киши – сенсан. Нима дейлик десанг, биз ҳам шуни деймиз», – дедилар. Валид: «Йўқ, сизлар айтинглар, мен тинглай», – дегач, улар: «Коҳин дейлик», – дедилар. Валид дарҳол эътироз билдирди: «Йўқ! Қасамки, у коҳин эмас. Биз кўп коҳинларни кўрганмиз. Улар ростни ҳам, ёлғонни ҳам ҳеч тортинмай гапираверадилар. Муҳаммад ўқиётган нарсалар коҳинлар тўқиган нарсаларга асло ўхшамайди. Қолаверса, биз шу пайтгача Муҳаммаддан бирорта ёлғон эшитмадик. Агар шундай десак, ҳеч ким ишонмайди», – деди. Бу сафар улар: «Мажнун, девона дейлик», – дедилар. Валид яна эътироз қилди: «Йўқ! Қасамки, у мажнун ҳам, девона ҳам эмас. Биз девоналарни ҳам, мажнунларни ҳам биламиз, девоналик аломатларини ҳам англаймиз. Унда на бўғилиш, на типирчилаб титраш, на васвасага тушиш бор. Шундай десак, бизни ёлғончига чиқарадилар», – деди. Қурайшликлар: «Шоир дейлик…» – дедилар. Валид яна эътироз қилди: «У шоир ҳам эмас! Биз шеърнинг ҳар турини жуда яхши биламиз. У ўқиётган нарсалар шеърга асло ўхшамайди», – деди. Бу сафар улар: «Сеҳргар дейлик», – дедилар. Валид: «У сеҳргар эмас. Биз сеҳргарларни ҳам, улар қиладиган сеҳрларни ҳам кўрганмиз, уларни ҳам биламиз. Унинг сўзларида сеҳрдан асар ҳам йўқ. Муҳаммаднинг каломи бутун оламдан ғолибдир. У номаълум одам ҳам эмас. Халқни ундан ажратиб, у билан гаплашишларига тўсқинлик қила олмаймиз. Қолаверса, фасоҳат ва сўз санъатида, гўзал ва маъноли гапиришда у барча тенгдошларидан ўзиб кетган. Хуллас, у ҳақда нима десак ҳам, халқ сўзимиз ёлғон эканини англайди», – деди. Айтишга сўз тополмаган қурайшликлар: «Орамизда энг кексаси ва тажрибалиси – сенсан, сен нима десанг, биз шунга розимиз», – дедилар.

«Пайғамбаримиз: „Ё Раббим! Давс аҳлига тўғри йўлни кўрсат ва уларни Ислом динига келтир!“ – деб дуо қилдилар. Менга эса: „Қавмингга қайт! Уларни очиқ юз ва ширин сўз билан Исломга даъват қилишда давом эт! Уларга юмшоқ муомала қил!“ – дедилар» Туфайл ибн Амр (розияллоҳу анҳу)

Шундан кейин Валид ибн Муғийра бир муддат ўйлаб турди-да, атрофидагиларни йўлдан уриб, шундай деди: «Барибир ҳаммасидан яхшиси – уни сеҳргар, жодугар деб атайлик, ақлга энг мувофиғи шу. Чунки у сўзлари билан халқни қавмидан ва қариндошларидан ажратмоқда. Биродарни биродардан, икки дўстни бир-биридан совутмоқда». Қурайшликлар дарҳол тарқалиб, Маккада атрофларига тўплаган одамларга: «Муҳаммад – сеҳргар!…» – дедилар ва буни халқ орасига ёйдилар. Каъбани зиёрат қилиш учун қабилалар кела бошлагач, уларнинг олдидан чиқиб, Пайғамбаримиз билан кўришишдан огоҳлантирмаган бирорта кишини қолдирмадилар. Мушрикларнинг бу қилмишлари туфайли бутун араб юртларида Исломга қизиқиш уйғонди, кўнгилларда бутларга нисбатан шубҳа ва саволлар туғила бошлади. Аллоҳу таоло кофир Валид ибн Муғийрага аччиқ азоблар тоттириши ҳақида ояти карималар нозил қилди. Жумладан, Муддассир сурасининг 11–29-ояти карималарида шундай дейилди, маъноси: «(Эй Расулим!) Мен ёлғиз (бойликдан маҳрум ҳолда) яратган кимсанинг (Валид ибн Муғийра каби бир кофирнинг) ишини (жазосини) Менга қўйиб беринг! (У кофирга лойиқ жазосини Мен берай.) Мен унга жуда кўп мол бердим (ҳеч нарсага эга бўлмаган ўша ношукр кимсага қанчадан-қанча боғлар, бўстонлар, мол-мулклар ато этдим, кейин уни кўп неъматларга етказдим). Мен унга доим ёнида ҳозир турадиган ўғиллар бердим (уни кузатиб-қўриқлайдиган, унга қилинадиган тажовузни шу заҳоти қайтаришга шай турадиган кучли-қувватли ўғиллар). Мен унга ҳамма нарсани осон қилдим, жуда катта имкониятлар ато этдим (ҳамма нарсани осонгина қўлга киритадиган ҳолга келтирдим, йўлини очиб қўйдим. Маккада у юксак мартабага эришди. Унга «Райҳонатул Араб» лақаби берилди. У ўзини қавмига жуда сараланган бир киши қилиб кўрсатарди). Сўнгра у (ўша очкўз, ношукр кимса) бу имкониятлардан кейин ҳам (мол-мулки ва фарзандларини) янада кўпайтиришимизни истайди (очкўзлик билан сўрайди, эришган неъматларининг қадрини билиб, шукрини адо этишга уринмайди). Йўқ! Унинг истаклари асло берилмайди! (Ўша инкорчининг, ўша очкўзнинг орзуси рўёбга чиқмайди; унинг моли ҳам, фарзандлари ҳам кўпайтирилмайди.) Чунки у Бизнинг оятларимизга қарши ўта ўжарлик қилди. Мен уни жаҳаннамда оёқ илинмайдиган силлиқ қоятош устига қаттиқ судрайман (жаҳаннамнинг шиддатли ва аламли азоби ичида уни лойиқ жазосига гирифтор қиламан), уни машаққат ва азоб ичига соламан! (Бир куни Пайғамбаримиз Каъбада Қуръони каримни овоз чиқариб ўқиётганларида, ояти карималарнинг таъсири унда чуқур из қолдирди. У қурайшликларнинг олдига бориб: „Муҳаммад ўқиган бир каломни эшитдим. Бу инсон ва жин сўзи бўлиши мумкин эмас. Бу сўз шеър эмас, коҳин сўзи ҳам эмас. Бу инсон ёлғон ҳам гапирмайди. Мен кўп ихчам ва ҳикматли сўзларни эшитган одамман. Аммо уни ҳеч нарсага ўхшата олмадим. Сизлар унинг бирор марта ёлғон гапирганини кўрганмисиз?“ – дегач, қурайшликларни катта хавотир босди ва улар: „Вой! Бу ақлли, бу бой, бу нуфузли одамни ҳам қўлдан чиқардик! Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) сўзлари бунга ҳам таъсир қилибди“, – дедилар. Унинг олдига дарҳол Абу Жаҳлни юбордилар. Абу Жаҳл келиб: „Нима бўлди, сени бунчалик маҳзун, ғамгин кўряпман? Муҳаммаднинг сеҳри сенга ҳам таъсир қилдими ёки унинг мол-мулкидан ортиб қолган бирор нарса сенга ҳам тегдими? Биз ўзаро келишиб олдик: агар мол-мулкка кўз тиккан бўлсанг, сенга истаганингча мол-мулк берамиз. Сен бундай адашган йўлларга кирма“, – деди. Валид ибн Муғийра: „Қурайшнинг энг бойи – менман. Менга қандай қилиб шундай нарсани таклиф қиласизлар?“ – деди. Абу Жаҳл: „Майли! Ундай бўлса, нега у ўқиган Қуръон ҳақида мақтовга тўла сўзлар айтдинг?“ – деди.) (Шундан кейин ўша инкорчи кимса Расулуллоҳдан эшитган Қуръони каримга тил теккизиш учун) хаёлида баъзи нарсаларни жонлантирди (ўйлаб-ўйлаб кўрди) ва кетидан бир баҳо чиқарди (ўйлаганининг натижасини баён қилди). Ҳалок бўлгур (ўлгур), қандай ҳам баҳо берди-я! (Изчил бўлмаган, ўзи бир олдин айтганини рад этадиган, асло бўлмайдиган бир баҳо ўртага ташлади. Бу одам айтган сўзларини таъвил қилиш зарурлигини сезди: бу айтган сўзларимни уларга қандай изоҳлай оламан, деб ўйлади.)

«Йўқ, мен яна бориб ўқийман. Мушрикларни илк бор шундай аянчли ҳолда кўрдим. Уларнинг ожизлиги мени жуда севинтирмоқда. Менга қилинган қийноқлардан оғриқ сезмаяпман» Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)

Яна ҳалок бўлгур, қандай (даҳшатли) баҳо чиқарди-я! Сўнгра у қаради (масалага диққат билан тикилди, уни бутунлай ўз измига олиш учун масала устида яна чуқур тафаккур қилди). Сўнгра қовоғини солди ва юзини буриштирди. Сўнгра у ҳақдан юз ўгирди ва кибрланди. Ва деди: „Бу – инсонлардан мерос бўлиб келаётган (доимо биридан бошқасига кўчиб юрадиган) бир сеҳрдан бошқа нарса эмас. Бу фақат инсон сўзидир!“» (Ҳолбуки ўша кимса аввал қавми орасида Қуръони карим ажойиб бир калом эканини, инсон ва жин сўзларига ўхшамаслигини эътироф этган эди. Сўнгра у инкорчи кимса қавмини рози қилиш учун сўзини ўзгартириб, Қуръони карим ҳақида унга асло лойиқ бўлмаган туҳматлар қилди. Шу тариқа ўзини илоҳий азобга муносиб қилди. Аллоҳу таоло шундай марҳамат қилди:) «Мен уни жаҳаннамга (Сақарга, шиддатли оловнинг ичига) киритаман. Сақар нималигини биласизми? (Шиддатли оловнинг нима эканини сиз қаердан билардингиз? Унинг хусусиятлари ҳақида маълумотингиз борми?) У на қолдиради, на тарк этади! (Инсонни на ўлдиради, на тирик қолдиради; ичига кирганларни на чиқаради, на азобдан тўхтайди.) Инсоннинг бутун терисини шилади (куйдириб, қорайтириб юборади) ва суякларини очиб ташлайди».

Мушрикларнинг Қуръони каримни тинглашлари

Мушрикларнинг кўзга кўринганлари турли ҳийлалар ва зулм билан одамларнинг иймон келтиришига тўсқинлик қилардилар. Улар Макка аҳлини Муҳаммад алайҳиссалом ўқийдиган ояти карималарни тинглашдан ман этардилар. Ўзлари эса кечалари яширинча севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг уйлари ёнига келиб, бир бурчакка яшириниб тинглардилар. Тонг отиб, атроф ёриша бошлагач, мушрикларнинг кўзга кўринганлари кечаси бир-бирларидан бехабар ҳолда Қуръони каримни тинглагани келганларини кўриб, бир-бирларини айблашар ва: «Бундан кейин бундай қилмайлик», – дейишарди. Аммо эртаси кечаси яна бир-бирларидан бехабар бориб, бир бурчакка яшириниб, яна тинглардилар. Тонг отгач, бир-бирларини кўриб ҳайрон қолардилар. Бундан кейин бундай қилмасликка қасам ичиб ажралишар, аммо бундан ўзларини тия олмасдилар. Бироқ улар нафсларига эргашдилар, ўзларини юқори тутдилар, бошқа мушрикларнинг маломатидан ҳайиқдилар, яна кўплаб бўш хаёлларга берилдилар ва иймон келтирмадилар. Бошқаларга ҳам тўсқинлик қилдилар. Устига-устак, кўчаларда: «Муҳаммад – сеҳргар», – деб бақирдилар. Бир куни кечга яқин мушриклар Каъба атрофида тўпланиб: «Муҳаммадни чақиртириб, бу масалани гаплашиб олайлик! Токи кейин бизни айблашмасин, узрли деб билишсин», – дейишди-да, Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хабар юбордилар. Бу даъватдан кейин Пайғамбаримиз Каъбага келиб, мушрикларнинг рўпарасига ўтирдилар. Мушриклар шундай дейишди: «Эй Муҳаммад! Сенга одам юборишимиздан мақсад – сен билан келишиб олиш. Қасамки, араблар орасида сендек қавмининг бошини балога қўйган кишини кўрмадик! Сен динимизни айбладинг! Илоҳларимизга тил теккиздинг! Ақлларимизни писанд қилмадинг! Бирлигимизни бузиб, бизни бир-биримизга душман қилдинг! Бошимизга келтирмаган ёмонлигинг қолмади! Агар бу ҳаракатларинг ва сўзларинг билан бой бўлишни истасанг, сенга истаганингдан ҳам кўп мол йиғиб берамиз. Шон-шараф қозонишни истасанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб оламиз. Подшоҳ бўлишни истасанг, подшоҳ эканингни эълон қилиб, атрофингга тўпланамиз. Агар бирор нарсанинг таъсири остида қолган бўлсанг, сени ундан қутқарамиз. Агар бу жинлардан келган бир касаллик бўлса, бор-будимизни сарфлаб бўлса ҳам, унинг шифосини излаймиз!…» Оламлар сарвари уларни сабр билан тинглаб бўлгач, шундай улуғ жавоб бердилар: «Эй қурайшликлар! Сизлар айтган нарсаларнинг ҳеч бири менда йўқ. Мен сизларга келтирган нарсаларим билан на молларингизни сўраш, на орангизда катта шон-шараф қозониш, на устингиздан подшоҳ бўлиш учун келдим. Аксинча, Аллоҳу таоло мени сизларга пайғамбар қилиб юборди ва менга бир Китоб нозил қилди. У менга сизлар учун (қабул қилганларингиз учун жаннат билан) хушхабар берувчи ва (қабул қилмаганларингиз учун жаҳаннам билан) огоҳлантирувчи бўлишимни буюрди.

Мен ҳам Раббимнинг бу амрини сизларга етказдим, сизларга насиҳат қилдим. Агар келтирганимни қабул қилсангизлар, у сизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам насиба ва озуқа бўлади. Агар қабул қилмай, рад этсангизлар, Аллоҳу таоло мен билан сизларнинг орангизда Ўз ҳукмини чиқаргунича менга лозим бўлган иш – Жаноби Ҳақнинг амрини бажо келтириш учун ҳар бир машаққатга кўкрак кериб бардош беришдир…» Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф ва бошқа мушриклар шундай дейишди: «Ё Муҳаммад! Тирикчилик борасида биздан кўра оғирроқ шароитда яшайдиган бирор киши йўқлигини биласан. Модомики пайғамбар экансан, Раббингдан сўра: бизни қисиб турган, тирикчилигимизни оғирлаштирган мана бу тоғларни йўқ қилиб, узоқлаштирсин! Юртимизни кенгайтириб, унда Шом ва Ироқ дарёлари каби дарёлар оқизсин! Яна Қусай ибн Килобдан бошлаб ўтган боболаримиздан баъзиларини тирилтирсин! Қусай ибн Килоб ростгўй, улуғ бир киши эди. Айтганларинг ҳақми, ботилми – ундан сўрайлик! Агар у сени тасдиқласа ва биз сўраганларни қилсанг, биз ҳам сени тасдиқлаймиз. Шу тариқа Раббинг ҳузуридаги мартабангни ҳам билиб оламиз. Агар биз учун буларни қилмасанг, ўзинг учун Раббингдан бирор нарса сўра. Айтганларингни тасдиқлайдиган, бизни сендан қайтарадиган бир фаришта юборишини сўра! Яна Раббинг сенга боғлар, қасрлар, хазиналар берсин-да, тирикчилик ташвишидан қутул! Ахир сен ҳам худди биз каби бозорларда юрасан, тирикчилик учун уринасан!…» Фахри олам уларга шундай дедилар: «Мен сизларга булар билан юборилганим йўқ. Аллоҳу таоло мени нима билан юборган бўлса, мен сизларга Жаноби Ҳақ тарафидан фақат шуни келтирдим. Уни сизларга етказдим. Мен (мол-мулк бериши учун) Раббимдан тилак тилайдиган одам эмасман… Аллоҳу таоло мени (келтирганларимни қабул қилганларингиз учун жаннат билан) хушхабар берувчи ва (қабул қилмай, рад этганларингиз учун жаҳаннам билан) огоҳлантирувчи қилиб юборди». Шундан кейин мушриклар: «Модомики Раббинг истаса, ҳамма нарсани албатта қилар экан, сўра-чи, мана бу осмонни парчалаб, устимизга туширсин!… Сен буни қилмагунингча, биз сенга ишонмаймиз!» – дейишди. Пайғамбаримиз: «Бу иш – Аллоҳу таолога тегишлидир. Агар У сизларга буни қилишни истаса, албатта, қилади», – дедилар. Шунда мушриклар янада ҳаддан ошиб: «Эй Муҳаммад! Раббинг бизнинг сен билан ўтиришимизни, сендан нималарни сўрашимизни, сендан нималарни талаб қилишимизни билмасмиди, сенга олдиндан хабар бериб, ўргатиб қўймади? Сен етказганларни қабул қилмасак, бизга нима қилишини нега билдирмади?… Сўзларингнинг ростлигига фаришталарни бизга гувоҳ қилиб келтирмагунингча, сенга ишонмаймиз… Энди сенинг олдингда ҳеч қандай масъулиятимиз қолмади. Қасамки, энди ёқангни қўйиб юбормаймиз! Ё биз сени йўқ қиламиз, ёки сен бизни…» – дейишди. Севимли Пайғамбаримиз уларнинг у зотга яқинлашиш ўрнига бутунлай узоқлашаётганларини кўриб, олдиларидан кетдилар.13 Маккалик мушриклар Коинот султонини рад этганлари сабабли Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий юбориб, уларга ояти карималар билан жавоб берди. Уларнинг дучор бўладиган аччиқ азобларини билдирди. Анъом сурасининг 4-ояти каримасидан 11-ояти каримасигача шундай дейилди, маъноси: «Уларга Раббиларининг оятларидан бирор оят (Қуръони карим оятларидан бир оят, далиллардан бир далил ёки мўъжизалардан бир мўъжиза) келмайдики, улар ундан юз ўгирмаган бўлсалар.

«Ёввойи, қалби қаттиқ жоҳиллар сизга иймон келтирмайди. Уларнинг кўпи мунофиқдир» Тавба: 97

Мана, Ҳақ (Қуръони карим) уларга келганда, уни ёлғонга чиқардилар, рад этдилар. Аммо яқинда уларга ўзлари масхара қилиб келган нарсанинг хабари (жазоси) келади. Улар (Макка аҳли) ўзларидан олдин қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимизни кўрмадиларми? Аниқ билмадиларми? Биз уларга сизларга бермаган барча имкониятларни берган эдик. Осмондан уларнинг устига мўл-кўл ёмғирлар юборган эдик. (Боғлари, бўстонлари ва қасрларининг) остидан анҳорлар оқизиб қўйдик. Сўнгра уларни (бу неъматларга шукр қилмаганлари ва) гуноҳлари сабабли ҳалок қилдик. Уларнинг ўрнига бошқа-бошқа авлодларни яратдик. Агар Биз сизга қоғозда ёзилган бир китоб нозил қилганимизда ва улар уни қўллари билан ушлаб кўрганларида ҳам, ўша кофирлар ўжарликлари туфайли: „Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас“, – деган бўлардилар. Яна улар: „Қани энди унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) (биз ҳам кўра оладиган) бир фаришта юборилса эди (ва бизга унинг пайғамбар эканини айтса эди)!“ – дедилар. Агар Биз бир фаришта юборганимизда (ва улар барибир иймон келтирмаганларида), иш, албатта, битирилган бўларди (уларнинг ҳаммасини ҳалок қилиш ҳақида ҳукм чиқарилган бўларди). Сўнгра уларга кўзни очиб-юмгунча ҳам муҳлат берилмас, уларга қараб ҳам турилмас эди. Агар Биз уни (Пайғамбарни) фаришта қилганимизда, албатта, уни барибир эркак киши (суратида) кўрсатган ва уларни ҳозир тушиб турган шубҳаларига яна туширган бўлардик. Қасамки, сиздан олдинги пайғамбарлар устидан ҳам масхара қилиб кулинган ва масхара қилган нарсаларининг жазоси бўлган бало ва азоб уларни ҳар томондан ўраб олган. Айтинг: „Ер юзида кезинглар, сўнгра қаранглар: пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларнинг оқибати қандай бўлди?“» Фурқон сурасининг 7–10-ояти карималарида ҳам шундай дейилди, маъноси: «Кофирлар: „Бу қандай пайғамбар? Худди бизга ўхшаб еб-ичади, кўчаларда юради. Пайғамбар бўлганида, унга фаришта келарди. Унинг ёрдамчилари бўлар, улар ҳам бизга хабар берар, бизни жаҳаннам билан қўрқитардилар. Ёки Рабби унга пул хазиналари юборар, ёки унинг мевали боғлари, ерлари бўлиб, истаганини ерди“, – дедилар. У золимлар бир-бирларига: „Агар сизлар унга эргашсангизлар, сеҳрланган бир одамга эргашган бўласизлар“, – дедилар. (Эй Ҳабибим!) Қаранг, улар сиз ҳақингизда қандай ёмон мисоллар келтириб, ҳақ йўлдан адашдилар, залолатга тушдилар. Энди улар залолатдан чиқиб, ҳидоятга йўл топа олмайдилар. Аллоҳу таолонинг шаъни нақадар улуғдир! У истаса, сизга (дунёда) булардан ҳам яхшироқ бўлган, остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар, бўстонлар беради, сиз учун қасрлар қуради!» 21-ояти каримада ҳам шундай дейилди, маъноси: «Биз билан учрашишни умид қилмайдиганлар: „Қани энди бизга фаришталар туширилса эди (ва Муҳаммаднинг тўғри сўзлаётганини хабар берса эди), ёки Раббимизни кўрсак эди!“ – дедилар. Қасамки, улар ўзларини жуда катта тутдилар ва катта туғён билан ҳаддан ошдилар…» Сабаъ сурасининг 9-ояти каримасида шундай дейилди, маъноси: «Агар Биз истасак, уларни (очиқ оятларимизни кўриб туриб ёлғонга чиқарганлари сабабли, Қорун каби) ерга юттириб юборардик ёки (Айка аҳлига қилганимиз каби) устларига осмондан парчалар туширардик». Исро сурасининг 97-ояти каримасида ҳам шундай дейилди, маъноси: «…Биз уларни қиёмат куни кўр, соқов ва кар ҳолда юзтубан тўплаймиз! Уларнинг борадиган жойи – жаҳаннамдир, унинг олови пасайган сари, Биз унинг алангасини орттириб турамиз!» Ўзлари ҳақида нозил бўлган ояти карималарни эшитгач, мушриклар душманликларини янада кучайтирдилар.

Айниқса, Убай ибн Халаф ва унинг биродари Умайя Расулуллоҳни жуда ранжитардилар. Бахтсиз Убай чириб кетган бир суякни олиб, Пайғамбаримизнинг юксак ҳузурларига келди. У: «Эй Муҳаммад! Бу суяк чириб кетгандан кейин уни Аллоҳинг тирилтирар экан, шундайми? Демак, сен бу суякни чириб кетгандан кейин Раббинг тирилтиради, деб ўйлайсан, а!» – деди-да, суякни уқалаб ташлади. Сўнг унинг чангини севимли Пайғамбаримиз томон пуфлади. У сўзида давом этиб: «Ё Муҳаммад! Буни шундай чириб кетгандан кейин ким тирилтира олар экан?» – деди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Ҳа. Аллоҳу таоло сени ҳам, уни ҳам ўлдиради… Сўнгра сени тирилтиради ва жаҳаннамга киритади». Бу воқеа сабабли Жаноби Ҳақ қуйидаги ояти карималарни нозил қилди. Маъноси: «У (инкорчи) инсон уни бир нутфадан яратганимизни кўрмадими, аниқ билмадими? Шундай бўлса ҳам, у очиқ-ойдин бир хусуматчига айланиб қолди. Ўзининг яратилишини унутиб, Бизга: „Чириб, тўзиб кетган бу суякни ким тирилтиради?“ – деб мисол келтирди. (Эй Расулим!) Айтинг: „Уларни (йўқ эканида) илк бор яратган (Аллоҳу таоло) тирилтиради ва У ҳар бир яратилганни яхши билувчидир. У (Аллоҳу таоло) сизлар учун ям-яшил дарахтдан олов чиқарган Зотдир, мана, сизлар ундан олов ёқасизлар. Осмонлару ерни яратган Зотнинг уларнинг ўхшашини яратишга кучи етмайдими? Албатта, етади. У ҳамма нарсани яратувчи, ҳамма нарсани билувчидир…“»14

Холид ибн Саъиднинг иймони

Исломга даъватнинг илк пайтларида Холид ибн Саъид бир туш кўрди. Тушида у жаҳаннамнинг четида турганмиш, отаси эса уни итариб юбормоқчи бўлибди. Худди шу пайт у Пайғамбаримиз уни белидан тутиб, жаҳаннамга қулашдан қутқарганларини кўрди. У фарёд қилиб уйғониб кетди ва: «Аллоҳга қасамки, бу туш – ҳақ», – деди. Ташқарига чиққач, ҳазрати Абу Бакрга дуч келиб, тушини айтиб берди. Ҳазрати Абу Бакр унга: «Тушинг ҳақ, бу зот – Аллоҳу таолонинг пайғамбари. Ҳозироқ бор-да, у зотга эргаш! Сен у зотга эргашасан, у зот келтирган динга кирасан ва у зот билан бирга бўласан. У зот эса сени, тушингда кўрганингдек, жаҳаннамга қулашдан сақлайдилар. Отанг эса жаҳаннамда қолади!» – деди.

Ҳазрати Холид ибн Саъид тушнинг таъсирида эди. Вақтни бой бермай, дарҳол Ажёд деган жойга, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди ва: «Ё Муҳаммад! Сиз одамларни нимага даъват қиляпсиз?» – деб сўради.

Пайғамбаримиз унга шундай жавоб бердилар: «Мен инсонни шериги ва ўхшаши бўлмаган ягона Аллоҳга ва Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) Унинг қули ва пайғамбари эканига иймон келтиришга, эшитмайдиган, кўрмайдиган, ҳеч қандай зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган, ўзига сиғинганларни ҳам, сиғинмаганларни ҳам билмайдиган аллақандай тош парчаларига сиғинишдан воз кечишга даъват қиламан».

Шунда Холид ибн Саъид дарҳол: «Мен ҳам гувоҳлик бераманки, Аллоҳу таолодан бошқа сиғинишга лойиқ илоҳ йўқ, яна гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳу таолонинг пайғамбарисиз!» – деб мусулмон бўлди. Унинг мусулмон бўлиши Пайғамбаримизни жуда севинтирди. Унинг ортидан хотини Умайя ҳам мусулмон бўлиш шарафига муяссар бўлди. Ҳазрати Холид ибн Саъид биродарларининг ҳам мусулмон бўлишини истар ва бунинг учун ҳаракат қиларди. Улардан Умар ибн Саъид ҳам мусулмон бўлган эди.

«Биз уларни қиёмат куни кўр, соқов ва кар ҳолда юзтубан тўплаймиз! Уларнинг борадиган жойи – жаҳаннамдир, унинг олови пасайган сари, Биз унинг алангасини орттириб турамиз!» Исро: 97

Отаси Абу Уҳайҳа Исломнинг ашаддий душмани эди. У Холид билан Умарнинг мусулмон бўлганини ва Макканинг одам йўқ бир жойида намоз ўқиганларини билгач, болаларидан мусулмон бўлмаганларини юбориб, уларни олдига олдириб келди. Сўнг уларга янги кирган динларидан чиқишни буюрди. Уларни койиб, ура бошлади.

Сўнг Холид ибн Саъидга: «Сен Муҳаммадга эргашдингми? Ҳолбуки унинг қавмига қарши иш тутаётганини ва келтирган дини билан бутларимизни, ота-боболаримизни ҳақорат қилаётганини кўриб турибсан!» – деди.

Ҳазрати Холид ибн Саъид: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссалом рост сўзламоқдалар. Мен у зотга эргашдим. Ўлсам ўламан, динимдан қайтмайман!» – дегач, отасининг ғазаби янада ошди. У уни таёқ синиб кетгунча урди-да: «Эй ярамас ўғлим! Истаган жойингга кет. Қасамки, сенга бир бурда нон бермайман!» – деди. Ҳазрати Холид: «Сиз менинг ризқимни кессангиз, Аллоҳу таоло, албатта, ризқимни ато этади», – деди.

Отаси бошқа болаларини: «Агар орангиздан бирортангиз у билан гаплашадиган бўлса, унга қилганимдан баттарини сизларга қиламан», – деб қўрқитди. Ҳазрати Холидни эса уйнинг ертўласига қаматиб қўйди ва уни уч кун Макканинг жазирамасида оч-наҳор қолдирди.

Ҳазрати Холид ибн Саъид бир иложини топиб, отасининг қўлидан қутулди. Отаси оғир касалликка чалинди. Абу Уҳайҳа касал ётган жойида Исломга бўлган душманлиги туфайли шундай дерди:

«Бу касалдан қутулиб оёққа турсам, Маккадаги ҳар бир киши бизнинг бутларимизга сиғинади. Ҳеч ким улардан бошқасига ибодат қила олмайди!…» Ҳазрати Холид отасининг ҳақ динга бўлган душманлиги барҳам топиши ва мусулмон биродарларига зарар етказмаслиги учун қўлларини кўтариб: «Эй оламларни яратган Аллоҳим! Отамни бу касалдан турғизма!» – деб дуо қилди. Жаноби Ҳақ унинг дуосини қабул қилди: Абу Уҳайҳа касал тўшагидан туролмай ўлди.

Мусъаб ибн Умайрнинг мусулмон бўлиши

Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу) Қурайшнинг асил ва бадавлат бир оиласига мансуб эди. Пайғамбаримизнинг муборак сўзларини эшитгач, қалбида у зотга катта муҳаббат пайдо бўлди. У зотга етишиш орзуси билан ёниб-куярди. Ниҳоят, у Дорул Арқамга бориб, мусулмон бўлди. Буни эшитган онаси ва отаси уни ҳамма нарсадан маҳрум қилиб, қийнай бошладилар. Динидан қайтариш учун уни уйларидаги ертўлага қамаб, кунлаб оч-наҳор қолдирдилар. Арабистоннинг куйдирувчи қуёши остида уни оғир, бардош бериш қийин бўлган қийноқларга солдилар. Аммо ҳазрати Мусъаб ибн Умайр бу оғир ва шафқатсиз қийноқларга сабр қилиб, Исломдан қайтмади.

Ҳазрати Мусъаб мусулмон бўлишидан олдин оиласининг бойлиги туфайли фаровонлик ва тўкинчилик ичида ўсган эди. Ҳамма унга ҳавас қиларди. Мусулмон бўлгач, оиласи уни ҳамма нарсадан маҳрум қилди ва қийноқларга солди. Дини учун ҳар қандай машаққатга чидаган Мусъаб ибн Умайр бир куни Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Унинг бу келишини ҳазрати Али шундай ҳикоя қилган: «Расулуллоҳ билан ўтирган эдик. Шу пайт Мусъаб ибн Умайр кириб келди. Устида ямоқли бир кийим бор эди, ҳоли аянчли эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг бу ҳолини кўрганларида муборак кўзлари ёшга тўлди. Мусъаб бунча қийноқ ва фақирликка қарамай динидан қайтмагани учун Расулуллоҳ шундай дедилар: „Қалбини Аллоҳу таоло нурлантирган мана бу кишига қаранглар. Мен онаси ва отаси уни энг яхши таомлар ва ичимликлар билан боқиб турганларини кўрганман. Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига бўлган муҳаббат уни сизлар кўриб турган ҳолга келтирди“».

«Аллоҳим! Уларнинг гуноҳларини кечир! Чунки улар нима қилаётганларини билмайдилар» Ҳадиси шариф

Ҳақни зикр эт, ёна-ёна!
Етишгайсан кўп эҳсонга,
Очилгай ҳар эшик сенга,
Аён бўлгай Жамолуллоҳ.
Шамси Табриз буни билур:
Олам қолмас, фано бўлур,
Барча махлуқ йўқ бўлур,
Фақат боқий қолур Аллоҳ.
Салотуллоҳ, саломуллоҳ,
Алайка ё Расулаллоҳ.

Ҳабашистонга ҳижрат