ХРОНОЛОГИЯ
Изоҳ: (б) – биъсат йилларини, (м) – милодий йилларни, (ҳ) – ҳижрий йилларни билдиради.
м. 570 Ҳазрати Абдуллоҳ билан ҳазрати Оминанинг никоҳланиши. Севимли Пайғамбаримизнинг муборак нурининг оналарига ўтиши (Жумодул аввал / июль). Тўкинчилик йили. Расулуллоҳнинг оталари ҳазрати Абдуллоҳнинг вафоти (Ражаб / сентябрь).
571 Фил воқеаси (Муҳаррам / февраль). Коинот султони Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишлари (12 Рабиул аввал, душанба / 20 апрель; ҳижратдан 53 (қуёш йили ҳисобида 51) йил олдин, Фил воқеасидан 55 кун кейин). Сут оналари Ҳалимага берилишлари (Рабиул охир).
573 Ҳазрати Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) туғилиши.
576 Сут оналари томонидан Маккага олиб келиниб, оналари Оминага топширилишлари.
577 Севимли Пайғамбаримизнинг оналари Оминанинг Абвода вафоти. Умму Айманнинг Расулуллоҳни Маккада боболари Абдулмутталибга топшириши. Ҳазрати Усмоннинг (розияллоҳу анҳу) туғилиши.
579 Боболари Абдулмутталибнинг вафоти ва амакилари Абу Толибга омонат қилинишлари.
583 Амакилари Абу Толиб билан бирга Шом савдо карвони ила йўлга чиқиб, Бусродан қайтишлари. Ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳу) туғилиши.
588 Амакилари Зубайр билан бирга Яманга боришлари.
591 Ҳазрати Абу Бакр билан Шомга боришлари. Расулуллоҳнинг Ҳилфул фузул иттифоқига қўшилишлари.
595 Ҳазрати Хадичага қарашли савдо карвони билан Бусро шаҳрига боришлари.
596 Ҳазрати Хадича билан никоҳланишлари.
599 Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) туғилиши.
600 Қусс ибн Соиданинг Укоз ярмаркасида Расулуллоҳнинг пайғамбарликларидан хушхабар берган нутқ сўзлаши.
605 Каъба таъмирланаётганда Ҳажарул асвадни жойига қўйиш учун ҳакамлик қилишлари.
б.1/610 Биъсат: 40 ёшларида у зотга пайғамбарликлари билдирилиши (17 Рамазон, душанба). Ҳиро тоғидаги (Жабали Нурдаги) ғорда биринчи ваҳий (Алақ сурасининг дастлабки беш оятининг нозил бўлиши) (Рамазон / август).
2/611 Ваҳий бир муддат тўхтаб қолгач, Пайғамбаримизнинг Жаброил алайҳиссаломни кўриш орзуси билан тез-тез Ҳиро тоғидаги ғорга боришлари. Исрофил алайҳиссаломнинг келиб, у зотга баъзи нарсаларни ўргатиши.
3/612 Биринчи мусулмонлар: ҳазрати Хадича, Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса (ва унинг завжаси Умму Айман), Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос.
4/613 Расулуллоҳнинг яқин қариндошларидан бошлаб инсонларни Исломга даъват қилишлари. Мушрикларнинг мусулмонларга азият ва қийноқ бера бошлаши. Биринчи шаҳидлар: ҳазрати Ёсир, унинг ўғли ҳазрати Абдуллоҳ ва завжаси ҳазрати Сумайя. Ҳазрати Оишанинг (розияллоҳу анҳо) туғилиши.
5/614 Ҳабашистонга биринчи ҳижрат (Ражаб / май). Муҳожирларнинг Ҳабашистондан Маккага қайтиши (Шаввол / июль).
6/615 Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлиши. Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлиши. Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат. Расулуллоҳ ва мусулмонларнинг Дорул Арқамдан чиқишлари.
7/616 Қамалнинг бошланиши (Муҳаррам).
8/617 Ҳазрати Усмон ва унинг завжаси ҳазрати Руқайянинг Ҳабашистондан қайтишлари.
9/618 Шаққул қамар мўъжизаси: Расулуллоҳнинг ишоралари билан ойнинг иккига бўлиниши.
10/619 Қамалнинг бекор қилиниши.
10/620 Абу Толибнинг вафоти (7 Рамазон / апрель). Ҳазрати Хадича онамизнинг вафоти (10 Рамазон / апрель). Расулуллоҳнинг ҳазрати Савда бинт Замъа билан никоҳланишлари (Рамазон / май). Расулуллоҳнинг Зайд ибн Ҳориса билан Тоифга боришлари (Шаввол / май). Нусайбин жинларининг Исломни қабул қилиши. Расулуллоҳнинг Тоифдан Маккага қайтишлари (23 Зулқаъда). Ақаба учрашуви (10 Зулҳижжа / 17 июль).
11/621 Меърож мўъжизаси ва беш вақт намознинг фарз қилиниши (27 Ражаб). Жаброил алайҳиссаломнинг Каъбаи шариф эшиги ёнида икки кун Расулуллоҳга имом бўлиши. (Меърожнинг вақти ҳақида бошқа ривоятлар ҳам бор. Меърож кўп марта бўлган. Улардан бири уйғоқ ҳолда ва муборак жасадлари билан бўлган. Бошқалари фақат муборак руҳлари билан бўлган.)
Расулуллоҳнинг ҳазрати Оиша билан никоҳлари ўқилиши (Шаввол). Биринчи Ақаба байъати (10 Зулҳижжа / 6 июль, душанба). Расулуллоҳнинг Исломни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайрни Мадинага юборишлари.
12/622 Санатус сурур (Севинч йили): Мадина аҳолисининг кўпчилиги Исломни қабул қилиши. Иккинчи Ақаба байъати (12 Зулҳижжа / 28 июнь, душанба).
13/1/622 Биъсатнинг 13-йили, ҳижратнинг 1-йили, милодий 622 йил. Ҳижрий йил: мусулмонларнинг ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг бошланиши (1 Муҳаррам / 16 июль). Санатул изн: мусулмонларга Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга изн берилиши. Мушрикларнинг Дорун Надвада йиғилиб, Расулуллоҳни ўлдириш қарорини қабул қилиши (25 Сафар / 8 сентябрь). Ҳижрат: Расулуллоҳнинг ҳазрати Абу Бакр билан Савр ғорига йўл олишлари (26 Сафар, пайшанба / 9 сентябрь). Савр тоғидаги ғордан Мадинага қараб йўлга чиқишлари (1 Рабиул аввал, душанба / 13 сентябрь). Қубо қишлоғига етиб боришлари (8 Рабиул аввал, душанба / 20 сентябрь). Қубо масжидининг қурилиши (8–11 Рабиул аввал / 20–23 сентябрь). Расулуллоҳнинг Қубо билан Мадина орасидаги Ранона водийсидаги намозгоҳда биринчи жума намозини ўқитишлари (12 Рабиул аввал, жума / 24 сентябрь). Мадинага етиб келишлари (12 Рабиул аввал, жума / 24 сентябрь). Абу Айюб Ансорийнинг уйида меҳмон бўлишлари. Масжиди Набавий қурилишининг бошланиши (Рабиул аввал / сентябрь). Оила аъзоларининг Мадинага келиши. Азони Муҳаммадийнинг кунига беш вақт айтила бошлаши. Салмон Форсийнинг мусулмон бўлиши.
ҳ.1/623 Муҳожирлар билан ансорлар ўртасида биродарлик ўрнатилиши. Биринчи ёзма шартнома: Мадина ҳужжати ва Мадина водийсининг ҳарам ҳудуди деб белгиланиши (Рамазон / март). Жанг қилишга изн берилиши. Биринчи сарийя: ҳазрати Ҳамзанинг Ийс / Сифул баҳр сарийяси (Рамазон / март). Масжиди Набавий қурилишининг тугалланиши (Шаввол / апрель). Масжиди Набавийда Суффанинг ташкил этилиши. Мадинада чорсу ва бозор жойининг барпо қилиниши. Мусулмонларнинг биринчи марта рўйхатга олиниши. Убайда ибн Ҳориснинг Робиғ юриши (Шаввол / апрель).
Саъд ибн Абу Ваққоснинг Харрор сарийяси (Зулқаъда / май). Асъад ибн Зурора, Баро ибн Маърур ва Кулсум ибн Ҳидмнинг вафоти. Усмон ибн Мазъуннинг вафоти ва Жаннатул Бақиънинг қабристон учун ажратилиши (Зулҳижжа / июнь).
2/623 Расулуллоҳнинг биринчи марта ашуро куни рўза тутишлари (10 Муҳаррам / 14 июль). Биринчи ғазот: Абво (Ваддон) ғазоти (12 Сафар / 15 август). Бувот ғазоти (1 Рабиул аввал / 2 сентябрь). Биринчи Бадр (Сафвон) ғазоти (Рабиул аввал / сентябрь). Зул Ушайра ғазоти (1 Жумодул аввал / 31 октябрь).
2/624 Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг Батни Нахла сарийяси (20 Ражаб / 17 январь). Ҳазрати Али билан ҳазрати Фотиманинг никоҳи ўқилиши (Ражаб / январь). Қибланинг Масжидул Ақсодан Масжидул Ҳаромга / Каъбага ўзгартирилиши (11 Шаъбон, сешанба / 7 февраль). Рўзанинг фарз қилиниши (Шаъбон / февраль). Таровиҳ намози ўқила бошлаши (1 Рамазон / 26 февраль). Ҳабашистондаги саҳобалардан яна 33 кишининг Бадрдан олдин Маккага қайтиши. Улардан 2 таси Маккаи мукаррамада вафот этди, 7 таси мушриклар томонидан ҳибсга олинди, 24 таси Мадинаи мунавварага етиб бориб, Бадр жангида қатнашди. Бадр жанги (17 Рамазон / 13 март). Абу Жаҳлнинг ўлдирилиши. Расулуллоҳнинг қизлари ҳазрати Руқайянинг вафоти (Рамазон / март). Закотнинг фарз қилиниши (Рамазон / март). Фитр садақасининг (фитранинг) буюрилиши (Рамазон / март). Биринчи Рамазон ҳайити ва ҳайит намозининг ўқилиши (1 Шаввол / 27 март). Расулуллоҳнинг ҳазрати Оиша билан турмуш қуришлари (Шаввол / апрель). Ҳазрати Зайнабнинг Маккадан Мадинага келаётганда ҳужумга учраши (Шаввол бошлари / март). Қарқаратул Кудр ғазоти (5 Шаввол / 31 март). Бану Қайнуқоъ ғазоти (15 Шаввол / 10 апрель). Савиқ ғазоти (5 Зулҳижжа / 29 май). Ҳазрати Али билан ҳазрати Фотиманинг турмуш қуриши (Зулҳижжа / май). Биринчи Қурбон ҳайитининг нишонланиши (10 Зулҳижжа / 3 июнь).
3/624 Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши (4 Рабиул аввал / 25 август). Анмор (Ғатафон, Зу Амр) ғазоти (12 Рабиул аввал / 2 сентябрь). Баҳрон (Нажрон) ғазоти (6 Жумодул аввал / 25 октябрь). Ҳазрати Усмоннинг ҳазрати Умму Кулсум билан никоҳланиши (Жумодул охир).
3/625 Расулуллоҳнинг ҳазрати Ҳафса билан никоҳланишлари (Шаъбон / январь). Ҳазрати Ҳасаннинг туғилиши (15 Рамазон / 1 март). Расулуллоҳнинг ҳазрати Зайнаб бинт Хузайма билан никоҳланишлари (Рамазон).
Уҳуд жанги (7 Шаввол, шанба / 23 март). Ҳамроул Асад ғазоти (16 Шаввол / 1 апрель).
4/625 Абдуллоҳ ибн Унайснинг Холид ибн Суфённи ўлдириши (5 Муҳаррам / 17 июнь). Ражиъ воқеаси (Сафар / июль). Биъри Маъуна воқеаси (19 Сафар / 31 июль). Бану Назир ғазоти (Рабиул аввал / август). Ичкиликнинг қисман ҳаром қилиниши (Рабиул аввал / август–сентябрь). Ҳазрати Зайнаб бинт Хузайма онамизнинг вафоти (Рабиул охир / сентябрь). Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Руқайянинг ўғли Абдуллоҳнинг вафоти (Жумодул аввал / октябрь). Абу Саламанинг вафоти (23 Жумодул охир / 30 ноябрь).
4/626 Ҳазрати Ҳусайннинг туғилиши (5 Шаъбон / 10 январь). Расулуллоҳнинг ҳазрати Умму Салама билан никоҳланишлари (Шаввол ойининг охирлари / апрель ойининг бошлари). Фотима бинт Асаднинг вафоти. Кичик Бадр ғазоти (1 Зулқаъда / 4 апрель).
5/626 Зотур Риқоъ ғазоти (10 Муҳаррам / 11 июнь). Думатул Жандал ғазоти (25 Рабиул аввал / 24 август). Мусулмон бўлган Бану Музайна вакилларининг Мадинага келиши (Ражаб / декабрь). Мурайсиъ (Бану Мусталиқ) жанги (2 Шаъбон / 27 декабрь). Ҳазрати Оишага туҳмат қилиниши. Таяммум оятининг нозил бўлиши.
5/627 Расулуллоҳнинг ҳазрати Жувайрия бинт Ҳорис билан никоҳланишлари (Шаъбон). Хандақ (Аҳзоб) жанги (Шаввол / март). Бану Қурайза жанги (23 Зулқаъда / 15 апрель). Расулуллоҳнинг ҳазрати Зайнаб бинт Жаҳш билан никоҳланишлари (1 Зулқаъда / 24 март). Расулуллоҳнинг ҳазрати Райҳона бинт Амр билан никоҳланишлари (Зулҳижжа / апрель–май).
6/627 Муҳаммад ибн Масламанинг Қурато сарийяси (10 Муҳаррам / 1 июнь). Ҳазрати Алининг Бану Саъд ибн Фадак сарийяси. Ғоба (Зу Қарад) ғазоти (2 Рабиул аввал / 22 июль). Ғамра сарийяси (Рабиул аввал). Муҳаммад ибн Масламанинг Зул Қасса сарийяси (Рабиул аввал). Абу Убайда ибн Жарроҳнинг Зул Қасса сарийяси (Рабиул охир / сентябрь). Зайд ибн Ҳорисанинг Жамум сарийяси (Рабиул охир).
Бану Лиҳён ғазоти (1 Жумодул аввал / 18 сентябрь). Зайд ибн Ҳорисанинг Ийс айғоқчилик сарийяси (Жумодул аввал). Абул Оснинг мусулмон бўлиши. Зайд ибн Ҳорисанинг Тараф сарийяси (Жумодул охир / октябрь–ноябрь). Зайд ибн Ҳорисанинг Водил Қуро сарийяси (Ражаб / ноябрь–декабрь). Зайд ибн Ҳорисанинг Шом сафари / савдо карвони (Ражаб). Абдурраҳмон ибн Авфнинг Думатул Жандал сарийяси (Шаъбон / декабрь). Зайд ибн Ҳорисанинг Мадян сарийяси (Шаъбон / декабрь). Ҳазрати Алининг Фадак сарийяси (Шаъбон / декабрь).
6/628 Зайд ибн Ҳорисанинг Умму Қирфа сарийяси (Рамазон / январь). Мадинада қурғоқчилик бўлиши / ёмғир дуосига чиқилиши (Рамазон). Абдуллоҳ ибн Атикнинг Абу Рофеъ сарийяси (Рамазон / январь). Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг Хайбар айғоқчилик сарийяси (Рамазон / февраль). Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг Усайр ибн Зорим сарийяси (Шаввол / февраль). Курз ибн Жобир Фиҳрий сарийяси (Зулқаъда / март). Умра сафари (2 Зулқаъда / 14 март). Байъати Ризвон (Зулқаъда / март–апрель). Ҳудайбия сулҳи (Зулҳижжа / апрель). Фатҳ сурасининг нозил бўлиши. Бану Хузоа, Бану Аслам ва Бану Хушаний вакилларининг Мадинага келиб, мусулмон бўлиши. Ичкиликнинг қатъий ҳаром қилиниши. Расулуллоҳнинг туя ва от пойгасига рухсат беришлари.
6, 7/628 Расулуллоҳнинг Исломга даъват мактубларини юборишлари (Зулҳижжа ойининг охирги кунлари – Муҳаррам ойининг бошлари / май).
7/628 Зайд ибн Ҳорисанинг Ҳисмо сарийяси (Жумодул охир). Ҳабашистон Нажошийси Асҳаманинг мусулмон бўлиши. Ҳазрати Умму Ҳабиба билан никоҳ ўқилиши. Миср Муқавқисининг Морияни Расулуллоҳга юбориши. Ҳазрати Оиша онамизнинг онаси Умму Румоннинг (розияллоҳу анҳо) вафоти. Абул Оснинг мусулмон бўлиб, Расулуллоҳнинг қизлари Зайнаб билан қайта никоҳланиши (Муҳаррам / май). Хайбар жанги (Муҳаррам охири – Сафар / июнь). Зайнаб бинт Ҳориснинг Расулуллоҳни заҳарлашга уриниши. Ҳабашистонга ҳижрат қилган саҳобаларнинг қолганларининг ҳам Мадинага қайтиши (Сафар). Ашъарийларнинг Мадинага келиб, саҳобаи киромдан бўлиш шарафига эришиши.
Лайлаи Таърис: Расулуллоҳнинг саҳобалари билан уйқуга кетиб, бомдод намозига тура олмаганлари. Расулуллоҳнинг ҳазрати Умму Ҳабиба билан турмуш қуришлари. Расулуллоҳнинг сут оналари Сувайбанинг вафоти. Яман ҳокими Бозоннинг мусулмон бўлиши (Жумодул аввал / сентябрь). Ҳазрати Али аср намозини ўқиши учун қуёшнинг уфқдан қайтиш мўъжизаси. Водил Қуро жанги (Жумодул охир / октябрь). Расулуллоҳнинг ҳазрати Сафийя бинт Ҳуяй билан никоҳланишлари. Ҳазрати Умарнинг Турба сарийяси (Шаъбон / декабрь). Ҳазрати Абу Бакрнинг Нажд сарийяси (Шаъбон / декабрь). Башир ибн Саъд Ансорийнинг Фадак / Мурра сарийяси (Шаъбон / декабрь).
7/629 Ғолиб ибн Абдуллоҳ Лайсийнинг Майфаъа сарийяси (Рамазон / январь). Башир ибн Саъд Ансорийнинг Жиноб сарийяси (Шаввол / февраль). Умратул қазо сафари (Зулқаъда – Зулҳижжа / март). Расулуллоҳнинг Маймуна бинт Ҳорис билан никоҳланишлари (Зулқаъда / март).
8/629 Расулуллоҳнинг қизлари ҳазрати Зайнабнинг вафоти (Сафар). Холид ибн Валид, Амр ибн Ос ва Усмон ибн Талҳанинг мусулмон бўлиши (Сафар). Ғолиб ибн Абдуллоҳнинг Қудайд сарийяси (Сафар / июнь). Ғолиб ибн Абдуллоҳнинг Фадак сарийяси (Сафар / июнь). Мута жанги (Жумодул аввал / сентябрь). Амр ибн Оснинг Зотус Салосил сарийяси (Жумодул охир / октябрь). Қурайшликлар Ҳудайбия сулҳини бузганидан кейин Абу Суфённинг сулҳ тузишга уриниши.
8/630 Расулуллоҳнинг Маккани фатҳ этиш учун йўлга чиқишлари (10 Рамазон / 1 январь). Макка фатҳи (20 Рамазон, пайшанба / 11 январь). Расулуллоҳнинг Абвода оналари ҳазрати Оминанинг қабрини зиёрат қилишлари. Бутларнинг йиқитилиши. Ҳунайн жанги (11 Шаввол / 1 февраль). Расулуллоҳнинг сут опалари Шаймо билан кўришишлари. Тоиф жанги (Шаввол / февраль). Расулуллоҳнинг Жиъронада Ҳунайн ўлжаларини тақсимлашлари (5–18 Зулқаъда / 24 февраль – 9 март). Расулуллоҳнинг умра қилишлари (19 Зулқаъда / 10 март). Масжиди Набавийга уч зинали минбар ясалиши. Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши (Зулҳижжа).
9/630 Расулуллоҳнинг баъзи қабилаларга закот йиғувчиларни юборишлари (Муҳаррам / апрель–май). Уяйна ибн Ҳисн Фазорий сарийяси (Муҳаррам). Табук ғазоти (Ражаб / октябрь). Холид ибн Валиднинг Думатул Жандал сарийяси (Ражаб). Расулуллоҳнинг мунофиқларга қарашли Масжиди Зирорни буздиришлари. Ҳабашистон ҳукмдори Нажоший Асҳаманинг вафоти (Ражаб / октябрь). Ҳазрати Абу Бакрнинг Рамл сарийяси (Шаъбон). Расулуллоҳнинг қизлари ҳазрати Умму Кулсумнинг вафоти (Шаъбон). Расулуллоҳнинг Ҳирақлга иккинчи марта Исломга даъват мактуби юборишлари. Санатул вуфуд (Элчилар йили). Каъб ибн Зуҳайрнинг мусулмон бўлиши ва Расулуллоҳнинг унга ўз хирқаларини ҳадя қилишлари.
9/631 Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўлими (Зулқаъда). Ҳажнинг фарз бўлиши. Ҳазрати Абу Бакрнинг ҳаж амири этиб тайинланиши (Зулқаъда – Зулҳижжа / февраль–март). Ҳазрати Алининг ҳам Бароат сурасининг бошини таблиғ қилиш учун Маккага юборилиши (Зулҳижжа / март).
10/631 Холид ибн Валиднинг Бану Ҳорис сарийяси (Рабиул аввал / июнь). Ҳазрати Алининг Яман / Мазҳиж сарийяси (Рамазон / декабрь). Яман ноиби Бозоннинг вафоти. Нажошийнинг опа-синглисининг ўғли Файрузнинг мусулмон бўлиши. Мусайламатул Каззобнинг пайғамбарлик даъво қилиши. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳга Қуръони каримни тўлиқ икки марта ўқиб бериши.
10/632 Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳимнинг вафоти. Видо ҳажи: Расулуллоҳнинг ҳаж учун Мадинадан йўлга чиқишлари (25 Зулқаъда / 22 февраль). Расулуллоҳнинг Видо хутбасини ўқишлари (9 Зулҳижжа / 7 март). Видо тавофи (14 Зулҳижжа / 12 март, пайшанба). Ҳазрати Райҳона бинт Амрнинг вафоти.
11/632 Усома ибн Зайднинг Шомга борадиган қўшинга қўмондон этиб тайинланиши. Расулуллоҳнинг бошлари оғрий бошлаши (26 Сафар / 24 май, якшанба). Расулуллоҳнинг иситмалари кучайиб, безгак (ҳумма) касалининг бошланиши (27 Сафар / 25 май, душанба). Пайғамбарлик даъво қилган Асвад Ансийнинг ўлдирилиши (8 Рабиул аввал / 4 июнь, пайшанба). Расулуллоҳнинг ҳазрати Абу Бакрни имомликка ўтказишлари (8 Рабиул аввал / 4 июнь, хуфтон намози).
Расулуллоҳнинг ҳазрати Абу Бакр Сиддиққа иқтидо қилиб, сўнгги намозларини адо этишлари (12 Рабиул аввал, душанба, бомдод намози). Расулуллоҳнинг вафотлари (12 Рабиул аввал / 8 июнь, душанба, пешиндан олдин). Ҳазрати Абу Бакрнинг халифа этиб сайланиши (12 Рабиул аввал / 8 июнь, душанба). Расулуллоҳнинг сешанбани чоршанбага боғлайдиган кечанинг (чоршанба кечасининг) ярмида дафн қилинишлари. Усома ибн Зайднинг муртадлар устига юборилиши (16 Рабиул аввал / 12 июнь, жума). Усома ибн Зайднинг ғалаба билан қайтиши (26 Рабиул охир / 22 июль, чоршанба).
МЕН НИМАМАН, НИМАМ БОР?
Бу боғда мен учун на гул бор, на лола бор,
Бу бозорда на олди-сотди, на пул бор,
На қудрат, на тасарруф, на мол, на мулк бор,
На дард, на завқ, на малҳам, на яра бор,
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Вужуд – илоҳий лутф, ҳаёт – Каримнинг раҳмати!
Оғиз – Раҳмоннинг ҳадяси, сўз – Қадимнинг фазли!
Бадан – Худонинг бинойи, руҳ – икром ила пуфланган дам,
Қувват – Қудрат эгасининг эҳсони, туйғулар – Ҳакимнинг қўйгани!
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Бу дунёда ҳақиқатда менинг ҳеч нарсам йўқ,
Не бор бўлса – ҳаммаси Уники, мулкида шериги йўқ.
Жаҳонга келиб-кетиш ҳам менинг қўлимда йўқ,
«Бу – меники» дейишга ишонгудек ҳужжат йўқ,
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Борлиғим – бир кўриниш, руҳим – бир омонатдир,
«Мен» дейиш ҳам Унинг олдида жуда хунук бир ширкдир,
Бандага тушган вазифа – Эгасига итоатдир,
Менга «Бандам!» дейиши – лутфдир, иноятдир.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Мен – фақир ва муҳтож, бойлик, эҳсон – Ҳақникидир,
Йўқлик – менинг сармоям, вужуд, ҳаёт – Ҳақникидир,
Азал, абад ва ҳам қаҳр, ғалаба – Ҳақникидир,
Дунёда ва уқбода ҳар кўринган – Ҳақникидир.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Емоқ, ичмоқ, лаззатлар – Унинг Раззоқ1 сифатидандир,
Роҳат бир нафас олмоқ – Худонинг раҳматидандир,
Келган ҳар бир яхшилик ҳам – Унинг икромидандир,
Энг буюк неъмат бўлган иймон ҳам – ҳамиша Ундандир.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Насиб бўлмаса, келмас ризқим осмондан, ердан,
На ўтдан, на гўштдан, хуллас, ҳеч бир қўлдан.
Тақдир этилгани келар, хаёлимда йўқ экан,
На ортиқ, на кам келар ризқлар тақдирдан.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Қора тунни кундуз, кунни оқшом эта олмам,
Қор билан сувни олов, кумушни вольфрам эта олмам,
Ер куррасини тўхтатиб, паришон эта олмам,
Қишнинг қор булутини абри найсон эта олмам.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
Йўқликда эканимда Раббим мени бир дамда танлади,
Она раҳмидаёқ ризқимни ҳозирлаб қўйди,
Фаришталарга амр этиб, хизматимга қўйди,
Дунёга чиқариб, мени Ўзига парда қилди.
Бу дунёда билсам эди: мен нимаман, нимам бор?
