РЎЗА ТУТИШ
Исломнинг беш шартидан тўртинчиси – муборак Рамазон ойида ҳар куни рўза тутишдир. Рамазон «ёниш» деганидир, чунки бу ойда рўза тутганларнинг ва тавба қилганларнинг гуноҳлари ёниб, йўқ бўлади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Рамазон ойи келганда, жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади».
«Саҳиҳи Бухорий» китобидаги бир ҳадиси шарифда: «Ким Рамазон ойида рўза тутишни фарз деб билса, ўз вазифаси деб билса ва рўзанинг савобини Аллоҳу таолодан умид қилса, ўтган гуноҳлари афв этилади», – дейилди. Демак, рўзанинг Аллоҳнинг амри эканига ишониш ва унинг учун савоб умид қилиш лозим. Куннинг узунлигидан ва рўза тутишнинг оғирлигидан шикоят қилмаслик шартдир. Куннинг узун бўлишини, рўза тутмаганлар орасида машаққат билан рўза тутишни фурсат ва ғанимат билиш керак.
Кишига рўза фарз бўлишининг шартлари еттита:
1. Мусулмон бўлиш. 2. Балоғатга етган бўлиш. Боланинг рўзаси саҳиҳ бўлади. 3. Оқил бўлиш. 4. Дорул ҳарбда бўлган кишининг рўза фарз эканини эшитган бўлиши. 5. Муқим, яъни шаръий маънода мусофир бўлмаслик. 6. Ҳайз (ойлик) ҳолатида бўлмаслик. 7. Нифос (туғруқдан кейинги қон) ҳолатида бўлмаслик.
Рўзанинг фарзлари
Рўзанинг фарзи учта: 1. Ният қилиш. 2. Ниятни унинг аввалги ва охирги вақтлари орасида қилиш. 3. Фажри содиқдан, яъни тонг ёриша бошлашидан то қуёш ботгунча [яъни шаръий кундуз давомида] рўзани бузадиган нарсалардан сақланиш.
Тўрт мазҳаб олимларининг якдил фикрига кўра, рўза фажри содиқ деб аталадиган оқликнинг кўринадиган (зоҳирий) уфқ чизиғининг бир нуқтасида ёриша бошлаши билан бошланади. «Мултақо» китобида шундай дейилади: «Рўза – тонг ёришганидан то қуёш ботгунча ейишни, ичишни ва жимоъни (эр-хотин яқинлигини) тарк этишдир. Бир кун олдин қуёш ботганидан бошлаб рўза кунининг даҳваи кубро1 вақтигача Рамазон рўзасига қалб билан ният қилиш ҳам фарздир. Даҳва вақтигача емаган ва ичмаган бўлса, ният қилади ва рўзани тутади. Даҳва вақтидан кейин ният жоиз эмас. Тонг отишидан олдин ният қилинаётганда: „Эртага рўза тутишга ният қилдим“, – дейилади. Тонг отгандан кейин ният қилинаётганда: „Бугун рўза тутишга ният қилдим“, – дейилади. Куни белгиланган назр рўзасининг ва нафл рўзанинг ният вақти ҳам шундай. Ҳар бир кун учун алоҳида ният қилиш лозим».
Рўзани бузадиган нарсалар
Рамазон ойида киши рўзадор эканини била туриб ва тонг отишидан олдин ният қилган ҳолда фойдали бирор нарса еса, ичса, яъни одатда озиқ ёки дори сифатида истеъмол қилинадиган ёки лаззат, ҳузур берадиган бирор нарсани оғиз орқали меъдага киритса ёки жимоъ қилса ёхуд унга жимоъ қилинса, рўза бузилади ва қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади.2 Бу таърифга кўра, сигарет чекиш рўзани бузади. Қазо ҳам, каффорат ҳам лозим. Чунки тутундаги қаттиқ ва суюқ зарралар тупук билан меъдага ўтади. Ҳижомат (қон олдириш), ғийбат каби рўзани бузмаслиги яхши маълум бўлган нарсадан кейин киши рўза бузилди деб ўйлаб, била туриб еса, рўза бузилади ва қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади. Рамазонда тонг отишидан олдин ният қилмаган киши даҳва вақтидан олдин рўзани бузадиган бирор нарса қилса, икки имомга кўра, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим. Чунки у ният қилиб рўза тутиш имкони бўла туриб, бу имкониятни қўлдан бой берган. Имоми Аъзамга кўра эса фақат қазо лозим бўлади. Даҳва вақтидан кейин еса, ичса, уч имомга кўра ҳам каффорат лозим бўлмайди. Каффорат жазоси – муборак Рамазон ойининг ҳурмат ва номус пардасини йиртганлик эвазидир. Имоми Аъзамга кўра, бу – тўрт мазҳабда ҳам саҳиҳ бўлган Рамазон рўзасини била туриб бузишнинг жазосидир. Шофеъий мазҳабида тонг отишидан олдин ният қилиш шартдир. Тонг отишидан олдин ният қилмаган ёки рўзани мажбурлов билан, узр билан бузган ҳанафийлар ҳам имоми Аъзамга кўра каффорат адо этмайдилар. Қазо, назр ва нафл рўзаларни бузганда каффорат адо этилмайди. Рамазоннинг бир кунида қазо лозим бўладиган бирор нарсани қилиб рўзасини бузган киши бошқа кунида ҳам шу ишни қасддан яна қилса, каффорат ҳам лозим бўлади.
«Рамазон ойи келганда, жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади» Ҳадиси шариф
Рўза хато билан бузилса, масалан, таҳорат олаётганда томоғига сув кетса ёки кишини рўзасини бузишга мажбур қилсалар, клизма қилдирса, бурнига суюқ дори, одеколон ёки тутун [бошқаларнинг чекаётган сигарети тутунини] киритса ёхуд уд (агар дарахти, Aquilaria) ва анбар билан тутатилган тутунни ичига тортса, қулоғига дори томизса, баданидаги ярага қўйган дориси ичкарига ўтса [ва игна билан дори юборса], қоғоз, тош, металл бўлаги, пахта, ўт, хом гуруч, тариқ ёки ясмиқ донаси каби дори ҳам, озиқ ҳам бўлмаган бирор нарсани ютса, ўзи зўр бериб оғиз тўла қусса, тишидан қон оққан киши фақат қонни ёки тупук билан тенг миқдорда аралашган қонни ютса, тонг отганини билмасдан еса ёки қуёш ботди деб ўйлаб оғиз очса, рўзадор эканини унутиб ея бошлаб, сўнгра рўзам бузилди деб ўйлаб, била туриб ейишни давом эттирса, ухлаб ётганида оғзига сув томизсалар ёки у билан жимоъ қилсалар, ният қилмасдан рўза тутса ёки Рамазонда тонггача ният қилмай, кейин ният қилган бўлса ҳам, даҳва вақтидан кейин рўза тутмаса – буларнинг ҳаммасида рўза бузилади ва ҳайитдан кейин ҳар бир кун учун фақат бир кун қазо тутиш лозим бўлади. Каффорат лозим бўлмайди. Томоққа ёмғир ёки қор кириб кетса, рўза ҳам, намоз ҳам бузилади. Қазо лозим бўлади. Киши қучоқлаб, бағрига босиб, ўпиб жунуб бўлса, рўза бузилади ва қазо лозим бўлади. Жунуб бўлмаса, рўза бузилмайди. Кечадан тишлари орасида қолган нарсани била туриб ютса ва у нўхатдек бўлса, рўза бузилади ва қазо лозим бўлади. Нўхатдан кичик бўлса, бузилмайди.
Рўзадор эканини унутиб еган киши рўзаси бу билан бузилмаганини била туриб яна еса ёки ичса, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади.
«Мултақо» китобида ва барча китобларда шундай дейилади: «Бошдаги ёки гавдадаги ярага қўйилган дори мияга ёки ҳазм йўлларига сизиб ўтса, рўза бузилади. Фақат қазо лозим бўлади». «Мултақо» шарҳида эса шундай ёзилган: «Озиқ ярадан ичкарига сизиб ўтганда рўзани бузади, деб имоми Аъзам айтади. Икки имом эса бузмайди, дедилар. Чунки улар яратилишда мавжуд бўлган тешиклардан кирса, бузади, дедилар». Таҳтовий «Мароқил-фалоҳ» шарҳида буни яхши тушунтиради. У шундай дейди: «Бошдаги ва гавдадаги ярага қўйилган дорининг, суюқ бўлсин, қаттиқ бўлсин, мияга ва ҳазм йўлига етиб боргани маълум бўлса, рўза бузилади. Ичкарига ўтгани яхши маълум бўлмаса, дори суюқ бўлганда имоми Аъзам рўза бузилади, деди. Икки имом эса ичкарига ўтгани яхши маълум бўлмаса, бузилмайди, дедилар. Ичкарига сизиб ўтгани яхши маълум бўлмаган дори қаттиқ бўлса, уч имом ҳам бузилмайди, дедилар». Бундан маълум бўладики, сизиб ўтгани яхши маълум бўлган дори, қаттиқ бўлсин, суюқ бўлсин, уч имомга кўра ҳам рўзани бузади. Бундан яна қўлдан, оёқдан, ҳар қандай жойдан тери остига ёки мушакка игна билан қилинадиган эмлашлар, дори уколларининг рўзани бузиши маълум бўлади.
Рўзани бузмайдиган нарсалар
Муборак Рамазонда ёки қазо, каффорат, назр ва нафл рўзаларда киши рўзадор эканини унутиб еса, ичса, жимоъ қилса, рўзадорлигида уйқуда жунуб бўлса, уйғоқлигида қараб туриб жунуб бўлса, йод ёки ёғ суртса, кўзига сурма қўйса [уларнинг ранги, ҳиди тупукда, сийдикда билиниб турса ҳам], шаҳват билан ўпса, ғийбат қилса, ҳижомат қилдирса, истамасдан оғиз тўла қусса ёки ўзи зўр бериб оз қусса, қулоғига сув кирса, оғзидан ёки бурнидан томоғига чанг, тутун, пашша кириб кетса [ёхуд кислород баллони орқали сунъий ҳаво берилса, бошқаларнинг чекаётган сигарети тутуни келиб, оғзига, бурнига киришидан сақланишнинг иложи бўлмаса], оғзини чайқагандан кейин оғзида қолган намликни тупук билан ютса, кўзига ёки тиш чуқурчасига дори қўйса, ҳатто унинг таъмини томоғида сезса ҳам – буларнинг ҳеч бири рўзани бузмайди.
[«Баҳрур-роиқ» китобининг муаллифи (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) шундай дейди: «Оғиз баъзан баданнинг ичи ҳисобланади. Шунинг учун рўзадор киши тупугини ютса, рўзаси бузилмайди. Бу инсоннинг ичидаги нажосатнинг меъдадан ичакка ўтиши кабидир. Оғиздаги ярадан ёки тиш олдиргандан, игна санчилган жойдан ёхуд меъдадан оғизга қон чиқиши таҳоратни ҳам, рўзани ҳам бузмайди. Бу қонни тупурганда ёки ютганда, тупук қондан кўп, яъни сариқ бўлса, улар яна бузилмайди. Меъдадан келадиган бошқа нарсалар оғизга келганда ҳам шундай: таҳорат ҳам, рўза ҳам бузилмайди. Оғиз тўла бўлиб, оғиздан ташқарига чиқса, иккаласи ҳам бузилади. Оғизнинг ичи баъзан баданнинг ташқариси каби ҳам бўлади. Оғизга сув олинганда рўза бузилмайди». «Жавҳара» китобида ҳам шундай ёзилган. Кўриниб турибдики, тиш олдирганда кўп қон келаётган бўлса, уни тупурганда рўза бузилмайди. Рўзадор бўлмаса, уни ютганда таҳорати бузилмайди. Қон тупукдан кам бўлса, иккаласи ҳам асло бузилмайди.
«Фатовои Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Клизма қилдириш, қулоғига ёғ томизиш рўзани бузса ҳам, каффорат лозим бўлмайди. Эркак таносил аъзосига сув, ёғ томизса, қовуққа етиб борса ҳам, рўза бузилмайди. Аёлнинг фаржига томизса, бузилади. Ҳўл ёки ёғли бармоғини орқа йўлга, аёл фаржига киритса, бузилади. Бармоқ қуруқ бўлса, бузмайди. Истинжо қилаётганда орқа йўлга сув кириб кетса, бузилади».] Таомнинг таъмини ютмасдан тотиб кўриш, аралашмасиз, яъни табиий ҳолатдаги сақични чайнаш, жунуб бўлиш шубҳаси бўла туриб ўпиш, салқинлаш учун ювиниш – булар рўзани бузмаса ҳам, танзиҳан макруҳдир. Сурма ва мўйлов ёғини ишлатиш ҳамда гул, мушк, одеколон ҳидлаш рўзани бузмаганидек, макруҳ ҳам эмас. Сурма ва мўйлов ёғи зийнат учун бўлса, макруҳ бўлгани каби, қўлда, ёқада гул тақиб юриш ҳам макруҳ бўлади. Чангли, тутунли нарсани ҳидлаш ва шакар каби аралашмали сақичларни чайнаш рўзани бузади. Мисвок ва ҳижомат макруҳ эмас.
Муборак Рамазонда киши имсок вақтидан олдин ният қилган рўзасини қасддан бузса, каффорат ҳам, қазо ҳам лозим бўлади.
Нафл ва қазо рўзаларида каффорат йўқ.
Каффорат учун Рамазон кунларидан ва рўза тутиш ҳаром бўлган беш кундан бошқа кунларда, орасини узмасдан олтмиш кун рўза тутилади. Бундан кейин яна бузган рўзаларининг кунлари сонича алоҳида қазо рўзаси тутилади. [Рамазон ҳайитининг биринчи куни ва Қурбон ҳайитининг тўрт куни рўза тутиш ҳаромдир.] Бунга кучи етмаса, олтмиш фақирни бир кун ёки бир фақирни олтмиш кун икки маҳал тўйдиради. Ёки уларнинг ҳар бирига фитр садақаси миқдорида мол беради. Бир кунлик қазо рўзаси учун бир кун рўза тутилади. Бир киши: «Рамазон бўлса, ният қилдим, бўлмаса, ниятим йўқ», – деса, бундай ният билан рўза тутиш асло жоиз эмас. Рамазонни осмонда ҳилолни кўриб эмас, балки олдиндан тайёрланган тақвимларга қараб бошлаганлар ҳайитдан кейин қазо нияти билан икки кун рўза тутишлари лозим. Муборак Рамазон бошланадиган куннинг ҳисоби «Se’âdet-i Ebediyye» китобида батафсил ёзилган.
Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳу таоло) шундай дейди: «Ҳаво булутли бўлганда, азон ўқилган бўлса ҳам, қуёш ботганига ишонч ҳосил қилмагунча ифтор қилмаслик керак. Юлдузларнинг кўпи кўринмасдан олдин ифтор қилинса, „таъжил“ деб аталадиган мустаҳаб адо этилган бўлади. Бир жойда қуёшнинг ботганини кўриб ифтор қилинганда, баландликда, масалан, минорада турган киши қуёш ўзи учун ҳам ботганини билмагунча ифтор қилмайди. Бомдод намози ва саҳарлик ҳам шундай».
«Рўза мўминни жаҳаннамдан сақлайдиган қалқондир» Ҳадиси шариф
Эй анбиёнинг Сарвари,
Эй авлиёнинг раҳбари,
Оламларнинг пайғамбари,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо.
Сиз жонларнинг жононисиз,
Кўнгилларнинг фармонисиз,
Икки жаҳон султонисиз,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо.
Сиз Худонинг маҳбубисиз,
Шафоатдан айирманг жудо,
Аҳмад, Муҳаммад, Мустафо,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо.
Юнус сўзлар тўғри сўзни,
Даргоҳингизга сурар юзни,
Маҳшар куни кутар бизни,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо.
